"Уч миллион ўзбекистонлик меҳнат мигранти" - бу тўқилган миф
Россиялик сиёсатчилар, айниқса шовинистик руҳдаги доиралар тарафидан кўпинча ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари сони ошириб гапирилади. Кимдир икки миллион рақамни айтади, кимдир эса йил давомида Россияга кирган ҳар бир ўзбекистонликни меҳнат мигранти ҳисоблаб уч миллионлик рақамларни келтиради. Таъкидлаш керакки, осмондан олинган бу рақамлардан мақсад тайин: сизлар бизларга қарамсизлар, боғлиқсизлар, ўзингларга қаранглар дегандек бўлишади.
Келинг, расмий статистикага мурожаат қиламиз. Ўзбекистон статистикасига эмас. Россия статистикасига. Демак, 2022 йил 1 июль ҳолатига Россия ҳудудида жами 1 342,9 минг нафар ўзбекистонлик меҳнат фаолияти билан шуғулланган (шундан 6,9 минги меҳнат рухсатномаси, 1 336,0 минги эса амал қилиб турган патент билан).
Йил боши билан солиштирганда меҳнат рухсатномаси билан ишловчилар сони ўзгармаган, патент билан ишловчилар сони эса 107,8 минг нафарга кўпайган.