Парламентнинг бошланиши
Иқтисодчи Ботир Қобилов Ташаббусли бюджет Ўзбекистонда охирги йилларда содир бўлган энг зўр жараёнлардан бири эканини таъкидлаган ҳолда, жараённи аввалгидек қўллаб қувватлашини маълум қилмоқда. Иқтисодчининг мана бу ва мана бу постидан айрим эътиборли иқтибослар:
Эркинлик ва ривожланишнинг гарови қуйидаги саволларни бера олишда ва унга жавоб излашда ётади: Солиқларим қаерга, нега, нима учун кетаяпти, унинг назорати, ижроси қандай бўляпти?
Инсонлар фестивал қилиш учун, маҳаллада янги бизнес марказ қуриш, бир тонна ош қилиш учун, давлатдан қандайдир контракт ёки имтиёз олиш учун эмас балки ҳаёт учун муҳим бўлган оддий манзилларга пул тақсимотида қатнашяптилар. Бу жуда зўр.
Инсонлар ўз солиқлари тақсимоти учун турли йўллар билан курашмоқдалар, бошқа маҳалла, туман билан рақобат қилмоқдалар, бефарқ бўлмасдан.
Овоз бериш воситаси бўйича мен унчалик катта ҳавотирда эмасман, исталган сайловларда овоз берувчининг овозини олиш учун қандайдир маънавий рағбат, ваъда ёки моддий нарса берилади.
Аслида Openbudget парламент қилиши керак бўлган нарсани қиляпти. Бюджет, солиқ тўловчиларнинг пуллари тақсимоти аслида унинг асосий майдонида, парламентда халқ вакиллари орқали бўлиши керак эди. Openbudget атрофидаги ҳозирги фаоллик бизга шу жараён кейинги босқичда чинакамига парламентга кўчишига, туман, ҳудудлардан сайлаган депутатлар ўз овоз берувчиларига нима керак эканлигини бошқа депутатлар олдида баҳслашиб келишишларига ва ниҳоя парламент деган давлат институти тўлиқ ташкил топишига менда умид бор.
Инсонларда бу бизнинг пулимиз, давлатники эмас деган тушунчалар кўпаймоқда. Энг муҳими, умумий қабул қилинган нарративга қарши ўлароқ инсонлар овоз бермоқдалар, жараёнда қатнашмоқдалар. Инсонлар овоз беришга, сайлашга тайёр (ҳар доим шундай бўлган ўзи).
- https://t.me/uzbekonomics/681@uzbekonomics
- https://t.me/uzbekonomics/682@uzbekonomics