Муаммо бу ерда Openbudget'да эмас. Openbudget бошқа муаммоларга ишора қиляпти
Иқтисодчи Ботир Қобилов шу кунларда энг кўп муҳокамада бўлаётган ва ижтимоий шовқин яратаётган ташаббусли бюджет лойиҳалари бўйича мулоҳазалари билан бўлишган. Батафсил мана бу ерда ва мана бу ерда танишиш мумкин.
Лойиҳадан воз кечиш ёки уни тўхтатиш тўғрисидаги чақириқлар янграмоқда ва тўғрисиниям айтаман, шахсан мен бундан жуда хавотирдаман. Мен шу айрим овозлар туфайли қарор қилувчилар учун лойиҳани тўхтатишга тайёр баҳона пайдо бўлаётганидан қўрқаман. Ўзингиз ўйланг, қайси жамоат ўзига берилган кичик бир ҳуқуқдан, уни янада кенгайтириш ўрнига воз кечади. Йўқ, бизга бунақа танлов керакмас, давлат ҳаммасини ўзи қилсин, пахта терганимиз яхши эди, деган айрим овозлар менга АҚШда 1865 йилда озод бўлган айрим қулларнинг хўжайинларимизни ва пахта далаларимизни қайтаринг, деган талабларини эслатади.
Қобилов ёзмоқда: "Кўчада ўқитувчилар овоз олиш учун “ялиниб” юришлари қанчалик тўғри деган ўринли савол берилиши мумкин. Агар шундай бўлса муаммо бу ерда Openbudget'да эмас, балки аксинча, Openbudget бошқа муаммога ишора қиляпти холос, менимча. У ҳам бўлса ўша эски муаммо - жойларда мажбурий меҳнат, буйруқбозлик аломатлари. Openbudget парламентнинг барометри бўлгани каби, бошқа мавжуд бўлган муаммоларни ҳам юзага чиқариб бераяпти холос.
Мана шу ва бошқа овоз беришдаги баъзи логистик камчиликларни деб фуқаролар ўз солиқларини бевосита тақсимланишида қатнашишни бошлаганликларини бекор қилишимиз менимча хато бўлади. Айтайлик, Openbudget танқидчиларга ёқмади, ва уни бекор қилиш керак дейишмоқда. Алтернатива қандай? Статус-квони қолдириш керакми? Ҳеч ким солиқлар тақсимотида қатнашмасин, бундай имкониятдан махрум этилсин, ва жойларда қаерда асфальт қилиш, қаерга ичимлик сув ўтқазиш ва қайси мактабни томини ёпишни фақат ва фақат давлат қилиб бериши керак эдику деб йиллар давомида кутиш керакми?"
Лойиҳада камчиликлар борми? Бор. Уларни оммабопликни ва қамровни йўқотмай туриб ислоҳ қилишда давом этиш керакми? Керак. Лекин охирги 7 йилда жамоатчилик фикри ва унинг эркин танлови учун рўй берган, шахсан менинг назаримдаги, энг катта қадамдан воз кечмаслик, ортга қайтмаслик керак. Бу ҳақда дискуссиялар зарур, улар турли платформаларда давом этмоқда ҳам. Қанчалик ҳайратли туюлмасин, ечимлар лойиҳанинг янада кенгайишида. Халқ 8 триллионни эмас, 15 триллионни ҳам рационал тақсимлай олади. Бутун бюджетимизни ҳам халқимиз ўзи ва ўзи сайлаган вакиллари орқали тақсимлай бошлайди, бу кунлар келади. Мен консенсус топилишига ишонаман.
- https://t.me/uzbekonomics/763@uzbekonomics
- https://t.me/uzbekonomics/764@uzbekonomics
- https://www.youtube.com/watch?v=BPEygeskPFk&t=1syoutube.com