Многоходовочка
Учта ёмон хабар ва афсуски, уларнинг ҳаммаси бир-бирини тўлдиради.
Биринчи ёмон хабар. Россия Жиноят Кодекси янада ваҳшийлаштирилаяпти ва энди сафарбарлик, уруш даври, ҳарбий ҳаракатлар қоидалари, оқибатлар келтириб чиқарадиган ўта даҳшатли қамоқ жазолари киритилмоқда. Қутурган принтер лақабли госдума бугуннинг ўзида, Федерация кенгаши ҳатто тунда қонунни тасдиқлаши мумкин.
Иккинчи ёмон хабар. Фас деган топшириқ бўлиши билан рус босқинчилар ва уларнинг итялоқлари босиб олинган Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье ҳудудларида 23-27 сентябрь кунлари Россияга қўшилиш бўйича референдумлар ўтказиш ҳаракатига тушиб қолишди. На ички, на халқаро қонунларга мувофиқ келадиган бу референдумлар фейк эканини босқинчилар ўзлари ҳам билишини ва асл мақсад бошқа эканини ёдда тутиб туринг.
Учинчи ёмон хабар. Меҳнат мигрантлари учун қурилган Сахарово марказида хорижликларга Россия армиясига хизматга кириш учун инфратузилма яратилмоқда. Мигрантлар шу ернинг ўзида Россия армиясига қўшилиши мумкин. Бугуннинг ўзида госдума Россия армиясида хизмат қилувчиларга рус фуқаролигини энг осон тартибда беришни таъминловчи қонунни тасдиқлади.
Демак, юқоридаги хабарлар кетма-кетлигидан қуйидаги умумий картина ҳосил бўлади. Фанер маршаллар ва фасад генераллар етовидаги рус армияси бир тўп мародерлар ва зўравонлардан иборат, болалар ва аёлларни ўлдирадиган, ижтимоий, энергетик ва гидро объектларни ўққа тутадиган мазохист жиноий тўда экани маълум бўлиб қолди. Бутун умид мобилизациядан. Барча даврларда бўлгани сингари рус армияси юзминглаб қурбонлар эвазигагина қўшни давлатларни, халқларни қонга ботириши, босиб олиши ва эгаллаши мумкин.
Бу йўлда:
а) Фейк-референдумлар орқали босиб олинган ҳудудлар Россия ҳудуди деб эълон қилиади.
б) Украина ўз ҳудудини озод қилишда давом этса, аввал тактик ядро қуроли билан таҳдид этилади, бу зўбидинлик ўтмаса, "Россияга ҳужум қилинди, вой-дод, ҳарбий доктринага қаранглар, ҳамма нарса ватан ҳимояси учун" дея мобилизацияга феълан йўл очилади.
в) Махсус ҳарбий операция ўрнига Расмий уруш эълон қилинади. Россия чегаралари ёпилади. 55 ёшгача бўлган россияликлар мажбурий мобилизацияга тортилади. Мигрантлар ҳам четда қолмайди деб қўрқаман, бекорга Сахааровада алоҳида инфратузилма тайёрлашмаяпти, бекорга Россия фуқаролигини деярли автоматик беришни кўзда тутадиган қонунни киритишмади.
Шундай қилиб, келаси ҳафта оммавий мобилизация ва мигрантларни Армияга тортиш тадбирлари бошланиши эҳтимоли соат сайин ошиб бораяпти.
Фикрлар мутлақо шахсий.