Сохта референдумлар халқ хоҳиш-иродасини ифода этмайди, табиийки, уларнинг натижалари эртами, кечми, барибир йўққа чиқади
23-27 сентябрь кунлари Украинанинг босиб олинган Донецк, Луганск, Запорожье ва Херсон вилоятларида ўтказилган фейк, яъни сохта референдумлар, бу тоифадаги сиёсий томошаларнинг бирлаштириб турувчи белгилари ҳақида мулоҳаза юритишга чорлайди,
Биринчи ва асосий белги шуки, бундай референдумларда фақат "Ҳа" жавоби учун тарғибот қилиш, очиқ гапириш, дискуссия қилиш мумкин. "Йўқ" деган жавоб тарғиботи, "Йўқ" деб овоз бериш мумкинлиги, бу бўйича далиллар ва соғлом ақлга мурожаатлар буткул тақиқда бўлади. "Йўқ" деб овоз беришга чақирганлар ишдан, ўқишдан ҳайдалади, қамалади, ё қувилади. Кўп ҳолатларда овоз бериш армия ёки махсус хизматлар назоратида ўтади.
Иккинчидан, сохта референдумлар ўта шошма-шошарлик билан ўтказилади, чунки ташаббускорлар ўзлари ҳам референдумлари сохта эканини жуда яхши билишади, вазият ўзгариб қолишидан қаттиқ қўрқишади. Масалан, Украинанинг босиб олинган ҳудудларида реферерендум ўтказилиши 20 сентябрь куни, яъни референдумдан уч кун аввал эълон қилинган. Қрим босиб олингандан кейин 16 мартда ўтказилган референдум эса 10 кун аввал, 6 мартда эълон қилинган. Бу борада ҳатто Адольф Гитлер ўрис босқинчиларидан инсофлироқ бўлган. Австрия аншлюси бўйича 1938 йил 10 апрелда ўтган референдум санаси 28 кун аввалроқ, яъни 13 март куни белгиланган.
Сохта референдумларнинг учинчи белгиси унда "90+ фоиз сайловчилар иштирок этди ва 90+ фоиз овоз билан рефрендум натижалари ўтган" деб эълон қилинади. Масалан, Луганск вилоятидаги референдумда гўёки вилоятнинг жами аҳолисидан ҳам кўпроқ одам овоз берган. Запорожьенинг 65% аҳолиси Украина назорати остидаги ҳудудларда бўлишига қарамай, давомат 85,4% деб эълон қилинган. Яъни сохта рефрендумларда амалда қанча бюллетень қутига тушди, ким қандай овоз берди, протоколлар қандай тўлдирилди, умуман аҳамиятга эга бўлмайди. Ҳеч ким тўхта, бюллетенларни қайта санайлик, протоколларни текширайлик деб ўтирмайди. шундоқ келишилган ва чизилган ёқимли рақамлар эълон қилинади, бўлди.
Тўртинчи белги шуки, сохта референдумларнинг натижалари, улар ясама, мажбурий, зўраки ва реалликка терс бўлгани, халқ хоҳиш иродасини ифодаламагани учун эртами, кечми, барибир бекор бўлади. Масалан, Совет иттифоқи 1991 йил 17 мартда ўтказган сохта референдум натижалари ҳатто 9 ой яшамаган. Гитлернинг Австрияда ўтказган референдуми Гитлер ўлгач, 7 кундан кейин бекор бўлган.
Шундай экан, эслаб қолинг, унутманг, Украинанинг босиб олинган ҳудудлари бўйича сохта рефрендумлар натижалари ҳам барибир йўққа чиқади.
@the_bakiroo