Ўзбекистонда яшаётган ташқи олигархия ва уларнинг шериклари қаерда солиқ тўлашади?
Уруш бошлангач, санкцияларга тушган ва Ўзбекистонда бўлиб турган олигарх белгиларига эга шахслар ва уларнинг шериклари қаерда солиқ тўлаши керак, деган саволга, амалдаги Солиқ кодексимиз аниқ-тиниқ жавоб беради.
Демак, солиқ даври бошланадиган ёки тугайдиган ҳар қандай кетма-кет ўн икки ойлик давр давомида жами бир юз саксон уч календарь кундан кўпроқ Ўзбекистон Республикасида ҳақиқатда бўлган жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентлари ҳисобланади.
Маълумот учун, уруш бошланганига 220 кундан ошди.
Жисмоний шахс тегишли солиқ даврида Ўзбекистон Республикасида жами бир юз саксон уч кундан кам бўлиб, бироқ ушбу туриш муддати унинг бошқа бирор-бир давлатда турган муддатидан кўпроқ бўлса ҳам, у Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этилади.
Яъни Кодексимиз айтадики, агар агар жисмоний шахс бу даврда, масалан Дубайда 20 кун, Истамбулда 30 кун, Москвада 40 кун ва Ўзбекистонда 100 кун бўлган бўлсаям, барибир Ўзбекистон солиқ резидентига айланади.
Кодексимиз бу борадаа деярли барча баҳсли ва баҳонали ҳолатларнинг олдини олиб қўйган.
Бир вақтнинг ўзида жисмоний шахсни ҳам Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти, ҳам чет давлатнинг солиқ резиденти деб тан олиш учун асослар бўлса, солиқ резидентлиги,... жисмоний шахс ҳаётий манфаатларининг маркази асосида белгиланади. Бунда қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда биттаси бажарилган тақдирда, жисмоний шахс ҳаётий манфаатларининг маркази Ўзбекистон Республикасида деб эътироф этилади:
1) жисмоний шахснинг эри (хотини) ва (ёки) яқин қариндошлари Ўзбекистон Республикасида яшаса;
2) Ўзбекистон Республикасида жисмоний шахсга ва (ёки) унинг эрига (хотинига) ва (ёки) унинг яқин қариндошларига мулк ҳуқуқида ёки бошқа асосларда тегишли бўлган, исталган вақтда унинг яшаши ва (ёки) эри (хотини) ва (ёки) унинг яқин қариндошлари яшаши мумкин бўлган кўчмас мулкнинг мавжудлиги.
Демак, кутиб қоламиз, балки 2022 йилда Ўзбекистонда йирик солиқ тўловчилар қаторида санкциялар остидаги жисмоний шахслар ҳам пайдо бўлиб қолар.