Иссиқлик учун тарифлар ҳақида
Ўтган ҳафта давомида иссиқлик таъминоти хизматлари учун тартибга солинадиган нархлар тасдиқлангани ва аҳоли, бизнес учун тарифлар аввалгидек, 2019 йил 19 августдаги прейкурант ҳолатида сақланиб қолгани ҳақида кўп ёзилди. Чиқишда моҳият шундай ва ҳеч нарса ўзгармагандек бўлгани билан, аслида илдизига қаралса, тарифлар билан боғлиқ жараён энди аввалгидан бутунлай фарқланади.
Биринчи ва энг асосий ўзгариш шуки, давлат ва танлаб олинган хусусий ҳамкор "Veolia Energy Tashkent" МЧЖ ҲК билан тузилган Битимга кўра, базавий тариф 1 Гкал иссиқлик учун 502 067 сўм этиб белгиланган. Мазкур тарифга етказиб олиш учун амалдаги тарифларни аҳоли учун 30 фоизга, бизнес учун 254,2 фоизга оширишга тўғри келади. Фақат бу иш бирданига рўй бермайди.
Иккинчидан, 21 октябрдан бошлаб давлат ва хусусий ҳамкор ўртасида келишилган базавий тариф 1 Гкал учун 397 212 сўмни ташкил этади. Бунда аҳоли 91 960 сўм, бизнес эса 141 737 сўм тўлайди. Базавий тариф ва аҳоли/бизнес тўлайдиган чакана тариф ўртасидаги фарқ Тошкент шаҳар бюджети ҳисобидан ойма-ой тўлаб берилади. Де-факто тарифлар учун чўнтагимиздан эмас, тўлаётган солиқларимиз орқали ҳисоб-китоб қиламиз.
Учинчидан, бюджет ташкилотлари 1 Гкал иссиқлик учун 502 067 сўм тўлайди. Яъни бюджет ташкилотлари учун тарифлар 21 октябрдан сезиларли даражада ошади ва Битимда қайд этилган базавий тарифга етказилади. Бу яхши, чунки айни бир жараённи икки карра молиялаштиришга зарурият қолмайди.
Тўртинчидан, эртами кечми Битимда кўрсатилган базавий тарифларга ўтилиши юз беради, Субсидиялаш билан ўртадаги фарқни қоплашда давом этишга бюджет имкониятлари етмайди. Шу маънода, балки янги йилдан, балки келаси йилнинг 1- кварталидан бизнес учун тарифлар базавий тарифларга етказилишини кутиш мумкин. Аҳоли учун эса иссиқлик тарифлари ўзгариши электр ва газ учун тарифлар эркинлаштирилиши билан бир вақтда амалга оширилишини прогноз қилса бўлади. Воқеалар ривожига кўра, бу ўзгаришлар катта эҳтимол билан жорий йил охиригача рўй бермайди.