ОПЕК+ саботажи юз берди
Нефть нархларининг кейинги уч ойда муттасил пасайиб боргани ОПЕК+ тарафидан экстремал қарорларга туртки бўлди. Демак, ноябрдан бошлаб ОПЕК ва унинг ситуацион иттифоқчилари, хусусан Россия кунлик нефть ишлаб чиқаришни 2 млн.барррелга қисқартиради. Охирги марта бундай жиддий қисқартириш қарори пандемия даврида рўй берганди. Картелнинг мақсади нефть нархи пасайишини тўхтатиб қолиш бўлсада, амалда картель ва унинг ситуацион иттифоқчилари ўртасидаги қарма-қаршиликлар туфайли бу рўй бермаслиги мумкин.
Қарор эълон қилинганидан кейин бир баррель нефть нархи 93 долларгача ўсди ва ҳозирда барқарор қолмоқда.
Агар АҚШ ва унинг иттифоқчилари стратегик захираларни бозорга олиб чиқишдан тўхтаб қолмаса, қаттиқлаштириш сиёсати ва доллар мустаҳкамланиши давом этса, нефть нархининг ОПЕК кутаётган даражада ўсиши қийинлигича қолаверади. Қолаверса, Россия нефти учун потолок нархларнинг жорий қилиниши, глобал ва минтақавий бозорларда янги диспропорцияларни яратади, истеъмолчилар гегемониясига қўшимча имкониятлар яратади. Буям ОПЕК фойдасига эмас. Катта эҳтимол Саудия ва бошқа араб давлатлари нефть потологи механизми муваффақиятга эришса, кейингиси улар бўлиши мумкинлигидан чўчимоқда ва олдинроқдан превентив чораларга киришмоқда.