16K53Telegramda ochish
Ўзини ўзи банд қилганлар банкдан кредит олиши мумкинми? Спойлер: Қонунчиликда мумкин, амалда эса деярли имконсиз Охирги икки йилда асрлар давомида норасмий тарзда мавжуд бўлиб келган меҳнат бозори сегментини легитимлаштириш ва оқартириш йўлида қилинган энг катта иш бу Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятни амалга оширишга рухсат берилгани бўлди. Расмий маълумотларга кўра, 2022 йил 1 июнь ҳолатига ўзини ўзи банд қилганлар сони 1,7 миллиондан ошган. Йил бошидан ҳисобласа ҳар ойда ўртача юзминг фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтмоқда. 1 сентябрдан бошлаб, такси ҳайдовчилари ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатига киритилгандан кейин ўзини ўзи банд этувчилар камида 2 миллиондан ошгани аниқ. Амалдаги нормаларга кўра, Махсус мобил илова орқали даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритаётган ўзини ўзи банд қилган шахсларга тижорат банклари томонидан кредитлар якка тартибдаги тадбиркорлар учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартиб асосида ажратилиши кўрсатилган. Шу масалада иккита муаммо бор. Биринчиси, Махсус мобил илова - Soliq иловаси орқали ҳалигача даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш йўлга қўйилгани йўқ. Ҳозирча иловага рўйхатдан ўтганлик ҳақида маълумотнома олиш ва фаолиятни тўхтатиб туриш функционаллари қўшилган холос. Ҳатто ихтиёрий тарзда ижтимоий солиқларни тўлаш ҳам имконсиз қолмоқда (солиқ тўлашга ҳаракат қилинганида "мазкур ҳолатда тўлов маълумотлари аниқланмади" деган хатони кўрсатмоқда). Иккинчи муаммо шундаки, ўзини ўзи банд қилган шахс мақоми қонунчиликка киритилганига 2 йилдан ошганига қарамай, ҳали биронта банк бу мақомдаги фуқароларни кредит маҳсулотлари ажратиш мумкин бўлганлар қаторига қўшгани йўқ. Тўғри, ҳар бир банк ўз риск профилини ўз белгилайди. Лекин инобатга олиш зарурки, ҳатто расмий статистика бўйича ҳам ўзини ўзи банд қилиш орқали олинган даромадлар аҳоли умумий даромадларининг 33,3%ини ташкил этмоқда. Жиззах, Бухоро, Тошкент, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида бу кўрсаткич 40%дан юқори. Яъни, бу мақомдагилар даромадли ва тўловга лаёқатли қатлам. Демак, қонунчиликдаги мавжуд опцияни реалликка мослаштирса бўлади. Бунга кўп нарса керак эмас: Soliq иловасини бироз такомиллаштириш ва банкларга регулятор тарафидан кўрсатмалар кифоя. @the_bakiroo

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin