Меҳнат мигранти ўзини ўзи банд қилиши мумкинми?
Меҳнат мигрантларининг ишонарли ҳисоби, ҳақиқатга яқин умумий базаси ва ҳаракат динамикасини кўрсатувчи платформа йўқлиги давлат органларигаям, банкларгаям, мигрантларнинг ўзигаям кўп мураккабликларни келтириб чиқариши янгилик эмас.
Бундай платформа бўлиши учун хорижда уюшмаган ва индивидуал келишувлар тартибида ишлаб келаётган меҳнат мигрантларининг ўзлари ҳам ёрдамчи бўлиши мумкин.
Шу маънода савол: нега меҳнат мигранти ўзини ўзи банд қилиши мумкин эмас. Айтайлик, кимдир шахсий келишув билан Қозоғистонда устачилик қилмоқда, кимдир Туркияда энага, кимдир Латвияда боғбон. Ҳуқуқий жиҳатдан олиб қараганда, улар ростан ҳам ўзини ўзи банд этган.
Меҳнат мигрантларининг ўзини ўзи банд қилиши давлатга уюшмаган ва марказлашмаган миграциянинг сони, сифати, улуши ва умуман мундарижаси ҳақида ахборотнинг тўлиқроқ шакллантириш имконини беради.
Меҳнат мигранти ўзини ўзи банд қилиш орқали легаллашиши унга банкдан кредит маҳсулотлари олишни осонлаштиради ва арзонлаштиради (айниқса ипотекани). Агар йилига ихтиёрий бир маротаба базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида ижтимоий солиқ тўласа, меҳнат стажини ҳисоблаш учун ҳам асос пайдо бўлади.
Амалдаги тартибга кўра, ўзини ўзи банд қилганлар чет эллик жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиши ҳам белгиланган. Фақат Ўзбекистонда ё хорижда туриб хизмат кўрсатиш мумкинлиги аниқлаштирилмаган.
Бошқача айтганда, тартибга бироз ўзгартириш ва аниқлик қўшиб, ҳозирда ўзини ўзи банд қилиш мумкин бўлган 101 йўналишни меҳнат мигрантларига ҳам тадбиқ этиш мумкин. Яъни Ўзбекистон фуқаролари ўзини ўзи банд қилиш жойи ўлароқ Ўзбекистонда ёки хорижда (мамлакатларни белгилаб) кўрсатиш орқали.