BNK Ўзбекистонга кирдими?
Кореянинг йирик банк-молия холдингларидан бири BNK FInancial Group Тошкентда микромолия ташкилоти очди, деб ёзмоқда Spot нашри. Агар шундай бўлса, Ўзбекистон микромолия бозорида яна бир йирик қудратли ўйинчи пайдо бўлмоқда.
Лицензия олган микромолия ташкилотлари рўйхатида ҳали BNK'га оид ташкилот йўқ, балки яқин орада бу ҳақда хабар берилар. BNK Financial Group вакиллари билан Марказий банк 2 йил аввал микромолия бозорларига кириш шартларини муҳокама этган эди.
Тўғриси, BNK Ўзбекистонга кириши ҳақида гап сўзлар пайдо бўлганида, корейслар бира тўла Микромолия банки очишса керак деб ўйлагандим. Чунки қўшни Қозоғистонда BNK микромолия ташкилотини банкка айлантирмоқда.
Қўшни Қозоғистон ва Қирғизистондаги фаолиятидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, BNK бошқа микромолия ташкилотлари эътиборидан четда қолаётган секторларни ҳам молиялаштириши мумкин. Хусусан, BNK меҳнат мигрантларига қатор микромолия хизматларини таклиф этишни кўзда тутаётгани айтилмоқда.
Маълумот учун, BNK FInancial Group қарийб 130 млрд.долларлик активларга эга, халқаро рейтинги А2 бўлган йирик молиявий гуруҳ ҳисобланади.