Таклиф: Автомобилсиз марказ керак!
Умуман олганда, пуллик йўл бўйи «парковкалари» керак ва зарур (агар ҳаммаси рисоладагидек ташкил этилса). Лекин орзудаги шаҳар бу автомобилсиз шаҳар, ҳеч қурса, пойтахт маркази автомобилсиз бўлиши керак.
Инсониятнинг авангард қисми Ослодан тортиб Мадридгача бўлган шаҳарлар автомобилларни шаҳардан, шаҳар марказларидан қуваяпти. Жамоат маконсизлигидан, ҳавосизликдан бўғилаётган Тошкент ҳам шу тенденциядан четда қолмаслиги керак. Бизга чайқовчи олиб-сотарлар, ерсотарлар орзусидаги Дубай эмас, Осло керак, Гамбург керак, Копенгаген керак.
Таклиф шуки, Ислом Каримов, Рашидов, Навоий ва Амир Темур (Сквер) кўчалари бўйлаб квадрат ҳудудида ичида ҳар куни соат 7:00дан 22:00гача автомобиллар ҳаракати чекланиши зарур. Бу дегани квадрат орасида Истиқлол, Матбуотчилар, Бухоро, Буюк Турон, Мустафо Камол Отатурк кўчаларида автомобиль ҳаракати тўхтатилади.
Автобус ва махсус машиналарга (тез ёрдам, полиция, ФВВ) чеклов йўқ. Ҳеч кимга у сенат раисими, вазирми, банк раисими, хорижий меҳмонми - истисно бўлмаслиги зарур.
Квадрат ичида бир эмас, нақ иккита метро бекати мавжуд, пиёда ёки велосипедда юриш инфратузилмасига нисбатан чидаса бўлади.
Айтишингиз мумкин, шаҳар чеккасидан келадиган нима қилсин, автомобилни қаерда қолдирсин?! Ҳақли савол, афсуски, на ҳукумат, на шаҳар ҳокимияти ўзининг қарорлари ва ўзининг ваъдаларини бажараётгани йўқ. Бу кетишда бажармайдиям. Шаҳарга кириш асосий тугунларида биронта ваъда қилинган боғлама ва автотураргоҳ ташкил этилгани йўқ. Масалан, 2022 йил август ойида Олмазор бекатида янги боғлама ва автураргоҳ ташкил этиш кўрсатилган (Зангиота, Янгийўл, Чиноз, Сирдарёдан кириб келаётган автомобиллар учун). Бу вазифа бажарилгани йўқ. Вазият таранглашмагунча ва талаб қилинмагунча ҳеч нарса қилишмайди.
Шаҳар марказидан автомобилларни ҳайдаш ҳукумат ва ҳокимиятни сал бўлсада қимирлашга, ҳаракатга мажбур қилади.
Таклифни қўлловчилардан фикрлар ва тарғиботни кенгайтиришни сўраб қоламан.
P.S. Тошкент энг ифлос ҳаво номинациясида ниҳоят яна биринчи ўринга чиқиб олипти. Бу кетишда пойтахт захарли майда зарралар шаҳрига айланади. Ҳукуматимизга ва ҳокимиятга шарафлар!
@the_bakiroo
- https://t.me/uzb_meteo/9511?single@uzb_meteo