Ўзбекистон Қирғизистонга ҳар минг куб газни 150 доллардан сотмоқда
Қирғизистоннинг kloop.kg нашрининг ёзишича, Ўзбекистон тарафи Қирғизистонга, хусусан, жанубдаги Ўш шаҳрига табиий газ етказиб беришни давом эттирмоқда. Kloop.kg интернет нашри Ўзбекистонда фақат ВПН билангина очилади. Эътиборлиси, сайт Россияда ҳам блокланган.
"Ҳеч қандай чекловлар йўқ. Тиғиз вақтларда газ босими пасайиши мумкин, лекин биз бу ҳолатларда Ўзбекистон билан гаплашамиз ва улар босимни ошириб беришади", - дея маълумот берган Ўш шаҳрининг вице-мэри Сонунбек Жунусбаев.
Қирғизистон расмий статистикасига кўра, Ўзбекистон 2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида қўшниларга 3,8 млн. долларлик 25,3 млн.куб табиий газ сотган. Бу ҳар минг куб газ учун 150 долларданга тўғри келади.
Шунингдек, ўзбек тарафи Қирғизистонга умумий қиймати 1,2 млн.долларлик 3 129,5 тонна сиқилган газ ҳам етказиб берган.
Ўзбек статистикаси маҳсулотлар ва хизматлар экспорти ва импорти маълумотларини мамлакатлар ва товарлар номенклатураси, натурал ва моддий қийматларда ҳеч қачон очиқламаган. Статистиканинг чуқур тарзда тақдим этилиши мутахассис ва кенг фойдаланувчиларда экспорт ва импорт билан боғлиқ жиддий саволларни келтириб чиқариши мумкинлиги айтилади.