Ноябрда захираларимиз қолдиғи ўсишни бошлаган. Олтин ҳисобига
Халқаро захираларимизнинг умумий қолдиғи ўтган ойда 1 125,7 млн.долларга кўпайган, 1 декабрь ҳолатига қолдиқ 33,4 млрд.долларни ташкил этган.
Ноябрь ойида валютадаги захиралар 357 млн.долларга камайган. Валюта захираларимиз қолдиғи ҳозирда 9,9 млрд.доллардан иборат.
Ноябрдаги динамиканинг асосий қисми захираларнинг олтин мундарижасида қайд этилган. Олтин захираларимизнинг қолдиғи бирданига 1 457,6 млн.долларга кўпайган ва 22,5 млрд.долларга етган. Айни пайтда олтиннинг физик ҳажми ўзгаришсиз, 12,8 млн.унция даражасида қолган. Агар ойига ўртача 0,3 млн унция олтин ишлаб чиқарилиши инобатга олинса, шунча миқдордаги олтин шаклланган қулай нархлардан фойдаланиб сотилган бўлиши мумкин.