Бензин нархи акцизнинг вақтинча бекор қилинишидан 1000 сўмгача арзонлашадими?
Энергетик кризисига қарши биронта бозор ҳаракатлари эълон қилинмаган бўлсада, қатор маъмурий чоралар анонс қилинган. Хусусан, ўтган куни 2 ой муддатга АИ-80 бензини импорти учун акциз солиғи ва уни чакана сотиш учун акциз солиғини ҳисоблаш ва ундиришни тўхтатиб туриш вазифаси айтилган эди.
Акциз ставкалари қонун билан, Солиқ кодекси билан тартибга солинади. Ҳозирча акциз ставкалар билан боғлиқ ваъда қилинган ўзгартиришлар қонунчиликка киритилгани йўқ. Балки жараённи тезлаштириш учун қандайдир осонроқ йўл топилиши ҳам мумкин. Айтайлик, масалан, Президент импорт АИ-80 бензинга ва якуний истеъмолга акциз ҳисоблашни тўхтатиб туриш ҳақида қарор қилади, кейин парламент ҳисоблашни тўхтатиш ва ноллаштириш ҳақида қонунга ўзгартириш киритади.
2022 йил 1 июндан бошлаб, Аи-80 бензини учун акциз тоннасига 275 минг сўмни, якуний истеъмолчилардан ундириладиган акциз ставкаси эса тоннасига 512 минг сўмни ташкил этади.
Бу дегани агар, ҳар икки акциз юкламасини ҳисоблаш тўхтатилса, АИ-80 импорт бензини учун тоннасига 787 минг сўм, литрига эса ўртача 1030 сўм харажат камроқ бўлади дегани.
Топшириқ матнидан вақинчалик имтиёз якуний истеъмолчилардан ундириладиган акциз ставкасига, АИ-80 бензин импорт бўладими ё маҳаллийми, фарқи йўқ, қўлланади деган маъно чиқади (қайтараман, ҳали бу маъмурий топшириқ холос, асосли ҳуқуқий ҳужжат йўқ).
Энди агар юқоридаги топшириқни маҳаллий бензин учун, унинг якуний истеъмолчилардан ундириладиган акциз ставкасига ҳам тааллуқли деб олсак, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ишлаб чиқарган АИ-80 бензин бўйича акциз харажати юкламаси тоннасига 512 минг сўм сўм, литрига ўртача 675 сўм камаяди дегани.
Бу дегани, импорт АИ-80 бензини 1030 сўмга, маҳаллий АИ-80 бензини 675 сўмга арзонлашади деганими?
Афсуски, йўқ. Чунки Ўзбекистонда импортерлар ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўта монополлашган. Импорт ҳам, ишлаб чиқариш ҳам 2-3 компания томонидан тўлиқ назорат қилинади. Бегоналар орага киритилмайди. Табиийки, нархларнинг арзонлашиши, бозор ва имтиёзларга эмас, монополистларнинг инсофлари ва иштаҳаларига боғлиқ (монополияга қарши қоидалар эса Ўзбекистонда ишламайди).
Масалан, нефть котировкалари ёздан буён деярли 40 фоизга арзонлашди. Ёзда 120 доллар бўлган нефть бугун 76 доллардан сотилаяпти. Ўзбекистонда эса нефть нархи тушганига боғлиқ равишда бензин нархларида бир сўмга ҳам арзонлашиш кузатилгани йўқ.
Эсингизда бўлса, қатор қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортига ҚҚС бекор қилинганда, нархлар деярли ўзгаришсиз қолганди. Бу ҳаракат фақат импортчиларнинг маржаларини оширишга хизмат қилганди. Бу сафар ҳам, эҳтимол, шунга яқин ҳодисани кузатишимиз мумкин бўлади.