5500 сўм. Маҳаллий АИ-80 бензиннинг энг қизил нархи шундай
Буни мен эмас, бензинни барча занжирлардаги акцизлардан озод қилиш қарори қабул қилинган вақтда ҳукуматнинг расмий вакили маълум қилган. Ишлаб чиқарувчи ва сотувчиларнинг маржаси, яъни фойдаси ҳам шунинг ичида.
Биринчи кунларда АИ-80 эълон қилинган нарх — 5500 сўмдан сотилган бўлса-да, орадан уч ойдан кўпроқ вақт оралиғида аввал 5700 сўмгача, кейин "импорт бензин бу" деган ёрлиқ билан 6000 сўмгача ва мана энди 6100 сўмгача, яъни 10%дан кўпга ошириб олинганига нима дейсиз?
Шу қарорга келинган ва энг юқорига тегишли ҳисоб-китобларга асосланилган маълумот киритилган вақтда бир баррел нефтнинг нархи 90 доллар атрофида бўлган. Ҳозир нефть нархи яна ошгандан кейин ҳам 85 доллар. Ҳа, жуда кўп такрорлаганимиздек, маҳаллий АИ-80 бензин ишлаб чиқариш учун брент типидаги нефть ишлатилмайди. Нафақат брент типидаги нефть, умуман импорт нефть ишлатилмайди. Шўрпешонамизга битган АИ-80 бензини ингредиентлари, харажатлари мундарижаси фақат маҳаллий.
Шундай экан, қазиб олувчиси, қайта ишловчиси ва сотувчиси ўзимизники бўлган, истеъмолчилари тўлайдиган солиқлар бекор қилинган маҳаллий АИ-80 нархи, токи имтиёзлар сақланиб қоладиган муддатгача 5500 сўмдан ошмаслиги керак. Нефть нархи ошсаям ошмаслиги зарур.
Бозор, эркин нарх шаклланиши қаёқда қолди деманг. Айнан АИ-80 борасида ҳеч қанақа бозор йўқ.