2022 йил бюджетига ўзгартиришлар орасида бюджет паразити UzAuto Motors учун қўшимча 225 млрд.сўмгача субсидия беришни назарда тутувчи норма қабул қилиндими ё йўқми?
Тобора кучайиб бораётган ёпиқлик бюджет жараёнларини ёритишга ҳам етиб келганга ўхшайди.
2022 йил 19 декабрда 2022 йил бюджетига ўзгартиришлар бирдан учта ўқишда қабул қилиниб Сенатга юборилган. Ўзгартиришлар орасида UzAuto Motors учун қўшимча 225 млрд.сўмгача, жами 325 млрд.сўм субсидия беришни назарда тутувчи нафратли модда ҳам бор эди. Жонли трансляция вақтида 1:52:00 дан бошлаб буни кўриш мумкин. Шунингдек, утилизация харажатлари учун субсидиялар транспорт харажатлар компенсация деб хаспўшлашга уринишлар бўлган ва бунга аниқлик киритилиши ваъда берилганди.
Лекин ўша куни қуйи палата сайтида 2022 йил бюджетига ўзгартиришлар муҳокама қилингани ва тасдиқлангани ҳақидаги ахборот тушириб қолдирилди.
Кеча Сенат муҳокама қилган масалалар бўйича расмий ахборотда ҳам 2022 йил бюджетига ўзгартиришлар ҳақида лом-лим дейилмаган. Сенатор М.Қодирхонова фикрлари баён қилинган ахборотда ҳам UzAuto Motors учун қўшимча субсидия масаласи четлаб ўтилган.
Сенаторлар 2022 йил бюджетига ўзгартиришларни Жонли трансляция вақтида 3:47:00дан муҳокамаларни бошладилар. Лекин на Раис ва на бошқа сенаторлар UzAuto Motors учун қўшимча субсидия масалсини тилга олишгани йўқ.
Ўзбекистон солиқ тўловчилари йил тугашига 3 кун қолганида 2022 йил бюджетига ўзгартиришлар орасида UzAuto Motors учун қўшимча 225 млрд.сўмгача субсидия бериш билан боғлиқ норма қабул қилиндими ё йўқми, билишга ҳақлими?
Шуни айтиш шунчалар қийинми?
Қутурган принтердек иш тутган қуйи палата топтаган қонун руҳини Сенат тиклайди, дея ўқувчилар умидларини жонлантирганимиз учун узр сўрайман.