Яхши хабар: Ўзбекистон ва Қозоғистон маҳкумларни топшириш бўйича келишиб олди
Ҳар бир ватандошимиз, ҳатто у озодликдан маҳрум этилган бўлса ҳам, давлат тарафидан эътибор ва ҳимояга ҳақли.
Очиқланаётган келишувга кўра, Қозоғистонда озодликдан маҳрум қилинган Ўзбекистон фуқаролари жазони ўташ учун ватанига қайтарилиши мумкин. Шунингдек, Ўзбекистонда озодликдан маҳрум қилинган Қозоғистон фуқаролари ҳам жазони ўташ учун ватанига қайтарилади.
Ўзбекистон ватандошлари охирги 30 йилда жаҳонгашта бўлишди. Табиийки, ҳаёт мураккаб, унинг чақириқлари ва йўллари ҳамма учун ҳам текис кечмайди. Чет давлатларда судланган, маҳкум ватандошларимизни Ўзбекистонда жазо ўташини таъминлаш бу доим олқишланадиган гуманизм акти ҳисобланади.
Маҳкумларни жазони ўташ учун бир-бирига бериш бўйича келишувлар нафақат қардош Қозоғистон, балки ўзбекистонликлар диаспораси кенгайиб бораётган бошқа давлатлар билан ҳам тузилиши керак.