Савдо-саноат палатаси, банклар ассоциацияси, деҳқон ва фермерлар уюшмаси — буларнинг ҳаммаси карго культнинг давоми
Ҳатто парламент йўқ мамлакатда юқорида саналганлар нега бор? Нима учун ташкил этилган, деб савол берсангиз, айтаман: нормал давлатларда шундай ташкилотлар бўлгани учун. Швецияда савдо-саноат палатаси бор, демак биздаям бўлса, Швециядагидек бўламиз. Швейцарияда эса банклар ассоциацияси бор. Биздаям бўлиши керак.
Бу худди самолётлар орқали озиқ-овқат маҳсулотлари юборилган Микронезия қабилалари «самолётлар бизни боқади», дея самолетларнинг ҳайкалларини ясаб, уларга сиғина бошлашгани сингари.
Қаранг, ясаб олган Карго-культларимиздан бири Савдо-саноат палатаси гаровнинг ундирилиши ва талабларнинг қаноатлантирилишини осонлаштирадиган Фармон лойиҳаси бўйича нима деб ёзаяпти:
1. «Гаровга олинган мулкка банк томонидан қарздорнинг мажбуриятларини қоплаш мақсадида, ундирувни қаратиш орқали сотувга қўйилишида гаров объектини мажбурий тарзда мустақил баҳоловчи ташкилот томонидан жорий баҳолаш хулосасини амалга оширилиши ва ушбу мулкни сотув қийматини тадбиркор билан келишган ҳолда сотувга чиқариш» бандини киритиш.
2. «Кредитор банклар қарздорликни ундиришни гаров мулкига қаратиш бўйича суднинг тегишли ҳал қилув қарори чиққандан бошлаб кейинги бўлган давр учун тадбиркорларнинг кредит қарздорликлари қолдиғига банклар томонидан жарима ва пеняларнинг ҳисобланиши тўлиқ бекор қилинади ва кредит бўйича жорий фоизларнинг ҳисобланишини 50 фоизга қисқартирилади» бандини киритиш.
3. «Гаровга қўйилган (навбатдаги гаров) мол-мулкка қаратишда гаров нарсаси қиймати юзасидан кредиторлар ва қарздорлар ўртасида келишмовчилик мавжуд бўлганда, гаров нарсасининг бошланғич сотиш баҳоси суд томонидан белгиланади» бандини киритиш;
4.«Тўловга қобилиятсизлик таомили жараёнида кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини гаров қийматидан қондиришда уларга мутлоқ устунлик берилади» сўзларини чиқариб ташлаш.
Гаровнинг реализацияси қанча тез ва осон бўлса, кредитлар нархи шунча арзонлашуви, имконли бўлиши, ёмон қарздорларнинг товони яхши қарздорлар бўйнига тушмаслиги ва бу бозор иқтисодиётининг муҳим принципи эканини тушуниб, 30 йил ўтиб ниҳоят таклиф этилаётган лойиҳани Карго-культимиздан бири Савдо-саноат палатаси бутунлай йўққа чиқармоқда. Нима деб ўйлайсиз, эътирозларни жамлаш ва нормал муҳокама учун кимга мурожаат этиш керак? Банклар ассоциациясигами ё деҳқон ва фермерлар уюшмасигами? Ахир улар ҳам "Карго-культ"нинг давомику.