Космик кемалар фазода кезиб юрганида
Айрим ҳужжатларнинг ичига "мина қўйиб" кетиш усулини тушунмайман. Мақсадиниям, муддаосиниям.
"Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт шароитларни яратиш" деб бошланган яхши фармон эълон қилинди.
Фармоннинг7-бандида шунақа хатбоши бор:
"тўлов хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмалари амалга оширилганда, уларга кўрсатилган хизматлар учун (олинган ҳақ, комиссия учун "0" сўм бўлган тақдирда ҳам) электрон ҳисобварақ-фактуралар тақдим этади ва расмийлаштиради".
Фармонни бутун матни бўйича ўқиган ва меъёрий ҳужжатлар тилини тушунган одам биладики, бу банд катта эҳтимол лойиҳа аввалида бўлмаган ва кейин қўшиб юборилган. Чунки на моҳиятда ва на шаклда ва стилистикада у бошқа бандлар билан қовушмайди. Энг асосийси, бу банд тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт шароитлар яратмайди, қайтанга қийинлаштиради ва қимматлаштиради.
Демак, энди 1 майдан бошлаб банклар ва тўлов ташкилтлари пул ўтказмалари бўйича электрон ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштиради. Битта фактура энг арзонида 300 сўм ва йил давомида миллиардлаб транзакциялар ўтиши инобатга олинса, бу бир неча юз миллиард сўм қўшимча харажат дегани. Табиийки, бу харажат якунда иқтисодиётга ва истеъмолчиларга юкланади.
Бутун дунё бизнес учун транзакцион харажатларни минималлаштириш йўлидан юраётган вақтда, биз янги транзакцион харажатларни ўйлаб топаяпмиз. Ва бу ишда айримларининг кибр ва ўзбилармонлигидан бўлак ҳеч қандай мафкура ва мазмун мавжуд эмас.