24K161Telegramda ochish
UZIMEI'ни ислоҳ қилиб бўлмайди, бу аждарҳони тугатиш керак Февралнинг бошида мутлақо тасодифан менинг номимга шахсий маълумотларимдан ноқонуний фойдаланган ҳолда иккита рақам расмийлаштирилгани ҳақида хабар топдим. Ўша куниёқ шахсий суриштирувлар орқали 2022 йил 22 декабрь санасида охири *076 ва *228 рақамлари расмийлаштирилгани, бу Фарғона вилоятида юз бергани ва рақамлар UZIMEI'да рўйхатдан ўтказиш учун ишлатилганини аниқлаштирдим. Ҳолат бўйича аввал "Unitel" МЧЖ компаниясига ва кейин Президентга мурожаат порталига мурожаат қолдирдим. "Unitel" МЧЖ 15 февраль кунги хатида менинг паспорт маълумотларимга UZIMEI тизимига киритиш учун *076 билан тугайдиган рақам компания дилери "El Throne" МЧЖ томонидан, *228 билан тугайдиган рақам эса "Camelia Garden" МЧЖ тарафидан рўйхатдан ўтказилганини маълум қилган. Шунингдек, "Unitel" МЧЖ ҳар икки дилер билан шартномаларни бекор қилгани ва ноқонуний рўйхатга олинган рақамларни ўчирганини билдирган. Феълан "Unitel" МЧЖ ваколати доирасида қилиши лозим бўлган ишни бажарган ва бунинг учун раҳмат. Президент порталига юборилган ва ички ишлар органлари тарафидан кўрилаётган мурожаат муддати эса 18 февралгача эди, кейин 5 мартгача узайтирилди. Мурожаатда менинг паспорт маълумотларим орқали телефон рақамлари очган ва UZIMEI тизимига киритиш учун ноқонуний фойдаланган шахсларни топиб жазолаш сўралган. Қурбонов менга ўхшаган ўн минглаб жабрдийдаларни ҳимоялаш учун "UzIMEI тизимига уланган рақамлар" хизматини жорий қилиш кифоя деб ёзмоқда. Ҳақиқатан ҳам ечим жуда оддий, буни янги ва эски вазир Шерматов ҳам жуда яхши билади. Лекин бу йўлда қадам ташламайди. Негалиги бўйича гумонларим бор, лекин бу ерда ёзмайман. Ҳозирда, масалан Ўзбекистон фуқаролари ўзини ҳимоялаш учун барча 5та уяли алоқа компаниясида телефон рақами бўлиши ва вақти вақти билан текшириб туриши керак. Бундан бошқа чора йўқ. Давлетовўз эса кечаги йиғилишда IMEI тизимини ҳеч қурса соддалаштириш, рақамлаштириш масаласи кўтарилмагани ҳақида қайғурмоқда. Ишончим комилки, Давлат раҳбарига UzIMEI тизими ўзбекистонликларга қандай кулфат келтираётгани етказилмаган ёки раҳбарга UzIMEI қанчалар муҳимлиги тўғрисида тор манфаатли ахборотлар киритиб борилади. Табиийки, UzIMEI'дан тўғридан тўғри манфаатдорлар бу муаммо рақамлаштириш бўйича шахсан раҳбар ўтказган кечаги йиғилишда кўтарилмаслигини жуда жуда исташган. Қурбонов ва Давлетовўздан фарқли ўлароқ мен UzIMEI'ни ислоҳ қилиб бўлмайди деб ҳисоблайман. Бу тизим истеъмолчилар манфаатини ҳимоя қилишга ҳам, бозорни контрафактдан чеклашга ҳам, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга ҳам дохил эмас. UZIMEI қип-қизил пул сўриш фабрикаси, халқнинг чўнтагига қўл тиқиш воситаси. Хориждан қайтган фуқароларнинг паспорт маълумотларини ўғирлаш ва бундан фойдаланиш бўйича криминаллашган ёпиқ система UZIMEI тизими йўқ бўлишини эмас, янада кенгайишини истайди. Улар бир бирини иситишадиган ўзаро идеал партнерларга айланишган. Ҳа, айтгандай, 2019 йилдан буён UzIMEI оператори "O‘zbekiston telekommunikatsiya tarmoqlarini boshqarish Respublika markazi" ДУК 500 млрд.сўмдан ортиқ тўлов йиққан. Лекин бу тўғрида ҳеч қачон ҳисобот бермаган. Қаерга, мамлакат ичи ва ташқарисидаги қайси ҳисобварақларга ва нима учун ўтказилган бу пуллар?

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin