"Уларнинг акциясини ҳеч ким олмайди, лекин провалга сизни сабаб қилишади"
Ўзбекча IPO бўйича юқоридаги постга нисбатан ўқувчилардан бири шундай муносабатда бўлмоқда. Изоҳга изоҳ бериш одатда қийин ва маъносиз ҳам.
Ўзбекча IPO доирасида акцияларни қўя турайлик, мени яна бир сегментдаги майда акциядорлар ва чакана инвесторларнинг тақдири ташвишга солади. Бу давлат пакетлари "хусусийлаштирилиши" эълон қилинган акциядорлик жамиятлари билан боғлиқ.
2021 йилдан буён давлат пакети "хусусийлаштирилган" нечта АЖ бўлса, барчаси бўйича акцияларнинг бозор, яъни фонд биржасидаги котировкалари фақат пасайиб бормоқда. Бу жараён 2022 йилда давом этди. 2023 йилдаям тўхтагани йўқ. Истисносиз. Номларини санасам, постни яна ўчиришга тўғри келади. Ўзингиз текшириб кўришингиз мумкин.
Шу маънода майда ва чакана инвесторлар учун яна бир лайфхак:
Давлат улуши хусусийлаштирилиши эълон қилинган эмитентларнинг қимматли қоғозларига умуман яқинлашманг. Сиз айтайлик, очиқ бозордан бозор баҳосида сотиб оласиз. Орадан бир муддат ўтиб давлат назоратидаги назорат пакети номиналга яқин нархларда аввалбошданоқ келишиб олинган "янги эгаси"га топширилади. Сиз эса инвестицияларингизнинг камида ярим нархига куйиб қолаверасиз. Дивидендлар тўғрисида эса орзу ҳам қилманг.
Бу эҳтиёткорлик МЧЖ ва унитар кохоналарнинг майда улушларига ҳам таалуқли.
Эсда тутингки, Ўзбекистонда стратегик активларга миноритар инвесторлар қиёфасида бегоналар умуман яқинлаштирилмайди, фонд бозори деградацияси тўхтамайди. Сармоянгиз бўлса, риск қилмоқчи бўлсангиз фақат давлатдан узоқ ва унга боғлиқ бўлмаган лойиҳаларга тикинг. Риск қилишни истамасангиз, банк омонатлари ва кўчмас мулкдан яхшироқ воситалар ҳозирча йўқ ва горизонтда кўринмаяпти ҳам.
Пулингизни асранг!
@the_bakiroo