Божларни вақтинчалик ноллаштириш. Протекционизмдан узил-кесил ва бутунлай воз кечиш вақти етмадими?
Кеча 32 тоифадаги озиқ-овқат маҳсулотлари импортига божларнинг бекор қилиниши бўйича махсус чиқиш қилинди. Ўтган ҳафта бу бўйича қабул қилинган Фармон моҳиятини маслаҳатчи ва маслаҳатчи ўринбосарлари тушунтиришди. Хусусан Обид Ҳакимов рўйхат бўйича озиқ-овқат ва истеъмол маҳсулотларига божларни ноллаштириш аҳоли фаровонлигини 0,45%га оширишини, нархларни ўсишдан тўхтатиши ва ҳатто 1%га арзонлатишини қайд этди. Фаровонликни 0,45%га ошишини, масалан, мен реал даромадларни 0,45%га ошиши деб тушундим.
Кечаги чиқишда янграган фикрлардан келиб чиқиб, қатор саволлар уйғонади.
Биринчидан, асосий турдаги озиқ-овқат ва истеъмол маҳсулотларига божлар фаровонлик даражасини пасайтириб келган экан, нега шу ишлар, яъни ҳаммамизни камбағаллаштираётган божларни ноллаштириш ҳозир эмас, аввалроқ қилинмаган?
Иккинчидан, нега рўйхатга қўшилган маҳсултлар бўйича божларни ноллаштириш яна вақтинчалик, яъни йил охиригача холос? Ўтган йили ҳам 23 та маҳсулот бўйича божларни ноллаштириш 6 ойга амалга оширилган ва яна 6 ойга чўзилганди.
Учинчидан, божларни ноллаштириш нега фақат асосий турдаги озиқ-овқат ва истеъмол маҳсулотларига, яна фақат вақтинча қўлланилмоқда. Нега яна юзлаб товар позициялари бўйича ўзбекистонликларни камбағаллаштираётган, танловсиз қолдираётган, маҳаллийлаштириш деган ниқоб остига яширинган корчалонлар, монополистлар ва олигархияни чексиз бойитаётган аждарҳо божларни пасайтириш ё бекор қилиш мумкин эмас? Халқ томон юриш бошланган экан нега протекционизм сиёсатидан узил-кесил воз кечиш мумкин эмас?
- https://t.me/Press_Secretary_Uz/3007@Press_Secretary_Uz
- https://lex.uz/docs/6412565lex.uz
- https://lex.uz/docs/6041630?ONDATE=18.11.2022%2000#edi6287315lex.uz
- https://t.me/the_bakiroo/3901@the_bakiroo