Сайлов арафасида турк лирасига маъмурий босим кучайиб бормоқда
Туркия Марказий банки лирага нисбатан босимни камайтириш учун йирик кредиторлардан банклараро бозордан доллар сотиб олишни чеклаб туришни сўраган. Айрим кредит ташкилотлари эса уларга нисбатан банклараро бозордан доллар сотиб олишга кунлик лимитлар ўрнатилганидан хабар топишган. Bloomberg'нинг ёзишича, Марказий банк бу ҳаракатларни масала ўта нозик бўлгани учун оғзаки тартибда амалга оширмоқда.
Бусиз ҳам Туркия Марказий банки ўтган йилдан бошлаб лира курси шаклланишида доллар сотиб олган мижозлар ҳақида ҳисобот олиш, савдо сессиялари вақтини чеклаш, чакана сотиб олувчилар учун юқори ставкалар каби маъмурий воситаларни қўллаб келаётган эди.
Шунга қарамай охирги кунларда банклар сотиб олиш ва сотиш курслари ўртасидаги фарқни (спред) ошира бошлаган. Фарқнинг ошиб бораётгани айниқса банклараро бозордаги курс ва бозор курси дейиладиган курс ўртасида янада яққолроқ намойиш бўла бошлаган. Кейинги кунларда бу икки курс ўртасидаги фарқ 0,6 лирадан ошган (дарвоқе, ўзбекистонликларга жудаям таниш манзара).
14 майга мўлжалланган сайлов натижаси қандай бўлишидан қатъий назар, турк лирасига нисбатан барқарорлик тушунчаси маълум вақт бегона бўлади ва у қулашда давом этади. Қиличдарўғли ғалаба қозонса, ўз ваъдаларида содиқ қолиб, маъмурий чоралардан воз кечилади, Марказий банк мустақиллиги қайта тикланади, табиийки, лира бозор қўллайдиган янги марраларгача арзонлашади. Эрдоган ютган тақдирда, амалдаги иқтидорда лира ва статус-квони таъминлаш учун захиралар қолмагани учун ҳам лира эркин қўйиб юборилади. Қолаверса, Эрдоган доим прагматиклиги ва оммага юзага келган вазият учун бошқа айбдорларни кўрсатиб юбориш қобилияти билан ажралиб турган.