Зарарлар жамғаришни ошириб бораётган ёпиқ UzGasTrade АЖ газни қанчадан олмоқда ва қанчадан сотмоқда?
2022 йилдан 1 августдан буён табиий газни сотиб олиш ва сотиш ваколатлари Ўзтрансгаз АЖдан UzGasTrade АЖга ўтган. Албатта, Ўзтрансгаз АЖ эски битимлар бўйича газ сотиб олиш ва сотиш ишларини давом эттираётган бўлиши мумкин. Олдинги постда бунга ишоралар берганимиз бежиз эмас.
Қабул қилинган қарорга кўра, UzGasTrade АЖ газ бўйича ягона сотиб олувчи, ягона сотувчи, ягона импортчи ва ягона экспортчи ҳисобланади. Ҳақиқат учун айтиш лозимки, ушбу ҳужжат қабул қилинган вақтда UzGasTrade АЖ зарарлар йиғиладиган навбатдаги бассейн бўлиши кўзда тутилмаган эди. Чунки 15 июлдан бошлаб газ тарифлари ошиши керак эди, токи ярим тунда бу қарор ҳеч бир изоҳсиз бекор бўлиб кетмагунича.
Лекин амалда UzGasTrade АЖ баланси ва муҳри янгиланган, иккинчи Ўзтрансгаз АЖ бўлиб қолди холос. Ва ўтмишдоши зарарларни қандай йиққан бўлса, худди шундай, балки ундан ҳам тезроқ зарар тўплай бошлади.
2022 йил август-сентябрь ойларида UzGasTrade АЖ 1,2 трлн.сўм зарар тўплашга улгурган. Октябрь-декабрь ойлари маълумотлари очиқланмаган, лекин оддий хомчўт ва солиштириш зарар 2,8 трлн.сўм бўлганини кўрсатади. 2022 йилнинг тўлиқ бўлмаган 5 ойида компания жами 4 трлн.сўм зарар кўрган.
2023 йилнинг дастлабки чорагида UzGasTrade АЖ 2,4 трлн.сўм зиён кўрган.
2023 йил йил бюджетида UzGasTrade АЖ зарарларини қоплаш учун жами 14,2 трлн.сўм ажратиш мўлжалланган. Очиқ маълумотларга кўра компания ҳали бу субсидияни ҳеч бўлмаса бир қисмини олмаган кўринади, чунки компаниянинг етказиб берувчилардан қарзлари шиддат билан ошиб бормоқда.
Энди савол туғилади ва бу саволлар яна очиқлик йўқлиги ва фаолият "ўрага сичқон тушди гулдур гуп" тарзида амалга оширилаётгани билан боғлиқ:
Биринчидан, UzGasTrade АЖ қазиб олувчилардан, бу маҳсулот тақсимотига оидми, қўшма корхоналарга оидми ё Ўзбекнефтегазгами, фарқи йўқ, товар газни қанчадан сотиб олмоқда? Қонунга кўра, ҳар бир битим муҳим факт ҳисобланади ва уларнинг шартлари тўлиқ очиқланиши зарур.
Иккинчидан, UzGasTrade АЖ улгуржи сотиб олувчиларга газни қанчадан сотмоқда? булар ҳам муҳим факт ва битммларнинг шартлари батафсил очиқланиши даркор.
Учинчидан, табиий газни импорт қилиш тендер, танлов ҳамда Ҳукумат қарори асосида тўғридан-тўғри музокаралар натижаларига UzGasTrade АЖ томонидан амалга оширилади. Лекин бу борадаям қозонлар ёпиқ. Қизиқ тарафи, газ импорти бўйича Россия ва Туркманистон томонлари билан музокараларда вазирлик вакили бошда, Ўзбекнефтегаз вакили ёнбошда, лекин UzGasTrade АЖ вакилини ҳечам кўрмадик. Кимдан, қанча, қанақа нархларда ва алоҳида шартларда газ сотиб олаяпмиз ёки олмоқчимиз, номаълум.
Тўртинчидан, UzGasTrade АЖ, ягона экспорт қилувчи функцияларини ҳам бажаради. Лекин қўшни давлатларга, Хитойга қанча газ, қанақа нархларда сотилаётганини қўшнилардан билиб қолмасак, аниқлашнинг иложи йўқ.
Токи маълумотлар очилмас экан, UzGasTrade АЖ самарасизликда ўтмишдошини бир тупуриб ортда қолдирмоқда, зарарлар онгли ва мақсадли равишда кўпайтирилмоқда, битимларда ва нархларда Ўзбекистон халқи ва иқтисодиёти зиёнига ношаффофлик бор деган гумонлар урчийверади. Унданам муҳими, бу саволларга биз ўзбекистонликлар ўзимиз, ичкарида, ташқи аралашувсиз, ахборотлар манипуляциясини касб қилиб олганлар ва ёпиқликдан молиявий манфаатдорлар, иштирокисиз жавоб топишимиз керак.
- https://lex.uz/ru/docs/6072689lex.uz
- https://openinfo.uz/ru/reports/19216/openinfo.uz
- https://openinfo.uz/ru/reports/20199/openinfo.uz
- https://lex.uz/docs/6333240lex.uz