Тадбиркорлик кодекси муҳокамаси давом этади
Бир йил аввал жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Тадбиркорлик кодекси лойиҳасининг муҳокамаси амалда ҳануз давом этмоқда. Юздан ортиқ турли норматив ҳужжатларни ўзида жамлаган кодекс лойиҳасининг бу сафарги муҳокамаси Савдо саноат паласида ўтказилди. Аудиторлар, бухгалтерлар, солиқ маслаҳатчилари ва вазирликлар вакиллари кодексни қабул қилишдан мақсадларга тўхталишди.
Лойиҳа муаллифларига (Адлия вазирлиги) учрашув вақти савол беришга имкон бўлмади. Лекин айрим савол ва таклифларни шу ерда қолдиришни ўринли деб ўйлайман.
Биринчидан, Кодекс “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ва “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонунни ўзига қўшиб олмаган. Урчиб кетган қонун ва нормативларни битта Кодексга жамлаш режа қилинган экан, юқоридаги икки қонун ҳам Кодексга қўшилиши зарур. Агар шундай қилинса, ўйлайманки, росмана тўлиқ бизнесга оид кодексга айланарди. Масалан, МЧЖ тўғрисидаги қонунда Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, агар қонунчиликда бошқача қоида белгиланган бўлмаса, жамиятнинг иштирокчилари бўлишга ҳақли эмаслар. Лекин қолдирилган лазейка ҳокимликларга бемалол МЧЖлар тузиб, зарари давлатга, фойдаси чўнтакка тарзида ишлашга имкон бермоқда. Қонунларни Кодексга бирлаштириш жараёнида шу коррупцион тирқишларга барҳам бериш масаласини ҳам кўтариш керак бўлади.
Иккинчидан, масалан, Кодексда якка тартибдаги тадбиркорлар қайси фаолият билан шуғулланиши мумкин эмаслиги аниқ кўрсатилмоқда. Бу яхши. Лекин нега қатор юқори хатарли, улкан сиёсий ва молиявий оқибатлар яратадиган соҳалардаги бизнес фақат Акциядорлик жамияти орқали амалга оширилиши белгиланмаган. Нега триллионлаб активларга эгалик қилаётган энергетика компаниялари, уяли алоқа, тўлов тизими компаниялари, монополистлар давлат ва жамият учун муҳим жараёнларни очиши шарт бўлмаган хўжалик юритишнинг МЧЖ ортига яшириниши керак? Хўжалик юритиш шакли Акциядорлик жамияти бўлиши мажбурий бўлган нормалар киритилиши зарур.
Учинчидан, лойиҳа муҳокамаси бошланган пайтда янги Конституция кун тартибига чиқарилмаганди. Ўтган даврда Конституция янгиланди. Унинг нормалари, табиийки, кодексда ҳам қайта ҳисобга олиниши зарур. Масалан, конституцияда Имтиёзлар фақат қонунга мувофиқ белгиланиши ёзиб қўйилди. Демак, энди Президент ва ҳукумат қарорлари билан берилган имтиёзлар ўз кучини йўқотди. Кодексда имтиёзларга оид нормалар қатъийлаштирилиши зарур.
Тўртинчидан, бу лойиҳада менга энг ёққани шуки, агар парламентга тушганида ўзгартириб юборишмаса, ўзбек чиновниклари ниҳоят ўзларини бизнесдан четлатишларига тўғри келади. Чунки 23-моддага кўра, қуйидаги шахсларга Тадбиркорлик субъектини ташкил этиш ёки унинг муассиси (иштирокчиси) бўлиш тақиқланади:
олий давлат ва вакиллик органи, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг раҳбарлари ва бошқарув ходимлари;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг раҳбарлари ва бошқарув ходимлари;
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг таркибига кирувчи ҳарбий тузилмаларда контракт бўйича хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар;
давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхона ва ташкилотлар раҳбарлари;
давлат унитар корхонлари ва давлат муассасалари раҳбарлари.
Ва ниҳоят бешинчидан, лойиҳа муҳокамасига тадбиркорлар кўпроқ қўшилишини истардим. Адлия вазирлиги, палата, экспертлар ўз йўлига, эртага кодекснинг плюсиниям, минусиниям танасида кўрадиган бу тадбиркорлар бўлади. Шунинг учун кейинги оммавий муҳокамаларда иштирокчиларнинг асосий қисми ўлароқ тадбиркорлар таклиф этилиши зарур.