22K134Telegramda ochish
Энг кўп газ ўғирланадиган жойларга ниҳоят замонавий счетчиклар ўрнатилади. Спойлер: ҳаммасига ҳам эмас 2017 йилдан 2023 йил қишигача энергетикада ўтирган ва доим сувдан қуруқ чиқадиган сип-силлиқ менежерлар энг кўп газ ўғирлиги уй хўжаликлари ва бошқа майда истеъмолчиларда деб алдаб келишди (тепадагиларгаям, пастдагиларгаям). Йилига кўпи билан 9-10 млрд.куб газ истеъмол қилинадиган секторда 4 млнга яқин счетчиклар ўрнатилди. Технопаркдаги чўнтак шоввозлар тарафидан каррасига қимматлаштирилган счетчик қиймати ҳеч қачон ўзини оқламаслигини билиб туриб ҳам йилига фақат овқат учун 20 куб газ ишлатадиган квартираларгача, газ келмай қўйганига йиллар бўлган хонадонларгача счетчик ўрнатиб чиқилди. 2023 йилнинг қиши газ ўғирлиги ва етишмовчилиги илдизлари аҳоли ва майда истеъмолчиларда эмаслигини очиб қўйди. Энг хунуги шуки, 1 млрд.доллар атрофида маблағ сарфлаб ўрнатилган счетчиклардан силлиқлар ваъда қилишганидек, эффект бўлмади. 2023 йилнинг ёвуз, лекин адолатли қиши кўрсатдики, энг катта ўғирлик газ конидан бошланиб, транзит ва йирик истеъмолчиларда тугайди. Энди силлиқлар буни бошқа яшира олишмайди. Шунинг учун, табиий газни қабул қилиш ва узатиш нуқталарига онлайн электрон ҳисоблагичлар ўрнатишни кўзда тутадиган мана бу қарор гарчи жуда кеч қабул қилинган бўлсада, фавқулодда муҳим аҳамиятга эга. Шу ўринда қарор бўйича айрим фикрларни айтмаса бўлмайди. Биринчидан, мазкур қарор ўтган йили 30 ноябрда ҳукумат номидан чиққан ва эълон қилинмаган 684- сонли қарорни тўлдирган. Қатор вазифалар муддатларини эса узайтирган. Чора тадбирларни аниқлаштирган. Афсуски, қарорнинг тўлиқ матни lex.uz платформасига жойлаштирилмаган. Иккинчидан, ўтган йилги ҳукумат қарори ва мазкур қарор Ўзбекистонда газ қазиб олиш, транзит ва йирик истеъмолчиларга етказишда сифат ва ҳажмнинг замонавий учети йўқлигини намоён қилади. Яъни амалдаги ўта вертикаллашган ва ўзаро ёпиқ боғлиқ тизимда йўқ газни бор, бор газни йўқ қила олиш мумкин. Минг афсуски, қўйилган янги муддат 2023 йил 1 октябргача шундай вазият сақланишда давом этади. Учинчидан, газни қабул қилиш ва узатиш нуқталаридан замонавий счетчикларни ўрнатиш Ўзбекнефтегаз (17та) Ўзтрансгаз (3та) ва Ҳудудгазтаъминот (129 550та) зиммаларига тақсимланган. Биринчи муаммо шуки, бу қамров етарли эмас. Ўзбекнефтегазнинг нечта газ кони ва қабул қилиш узатиш нуқталари бор? Ўзтрансгазда-чи? Энг асосийси, нимага давлатга таалуқли бўлмаган "хусусий" ва маҳсулот тақсимлаш битимлари доирасида газ қазиб оладиган "хорижий" операторларга счетчик ва хрономатографлар ўрнатиш мажбурияти йўқ? Нима, улар замонавий учетсиз фаолиятларини давом эттиришлари мумкинми? Кўз юмиб турамизми? Ё уларнинг шохи борми? Фаол жамоатчилик ва ОАВ мазкур қарор мундарижаси ва унинг сифатли ижросига жиддий эътибор қаратиши керак. Чунки қиш яқин. Жудаям яқин!

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin