Ҳайрат: John Deere'ни учқўрғонлик аёллар бошқаради, пахтани энди ростанам машина теради
Ўтган даврда пахта ҳосилини йиғиб олишда қўл меҳнатидан воз кечиб машина теримига ўтиш ҳақида жуда кўп гапириларди. 60 фоиз, 80-85 фоиз пахтани машина териши ҳақида турли топшириқлар берилди, режалар тузилди. Кетма-кет қарорлар чиқди. Фойдаси бўлмади, ҳаммаси қоғозда, оғизйиртар баландпарвоз гаплар ваъдалигича қолаверди. Чунки эски тизимида иқтисодий манфаатдорлик йўқ эди.
Пахтачиликда маъмурий бошқарувдан, зўравонликдан, давлат буюртмаси, паст нархлар, мажбурий меҳнатдан воз кечилгандан кейингина пахтани машинада теришга рағбат пайдо бўла бошлади. Чунки энди жисмоний меҳнат ўрнига механизациялаш, самарасиз мажбурлов ўрнига меҳнат унумдорлигини ошириш афзаллиги кун тартибига чиқди. Энди ўзбекистонликларни пахта даласига сув текинга ҳайдаб бўлмаслиги тушуниб етилди. Буёғига қўл меҳнатига яхшигина ҳақ тўлаш керак. Кун ғанимат бўлганда эса каррасига қиммат тўлаш керак бўлади.
Шунинг учун фермерлар ва кластерлар қанақадир ҳокимларнинг топшириқ ва кўрсатмаларисиз ҳам ўзлари, пухта ҳисоб-китоби билан механизациялашга ўтиш самарадорлигини тушуна бошлашди. Шу маънода, масалан, Uztex компанияси учқўрғонлик фермерлар билан дунёда биринчи ўринда турадиган Американинг машҳур John Deere компаниясининг юзлаб трактор ва пахта териш комбайнларини Ўзбекистонга олиб келиб, ишлата бошлаганидан ҳайрон бўлганим йўқ.
Лекин менинг ҳайратим John Deere трактор ва комбайнларини аёлларимиз, учқўғонлик аёллар бошқара бошлагани билан боғлиқ бўлди. Учқўрғонлик беш дугона ҳақидаги махсус репортажни сиз ҳам томоша қилинг. Ҳайрат сабабини сиз ҳам тушунасиз
- https://t.me/mtrkuzofficial/157435@mtrkuzofficial