
Имтиёзлар эмас, тенг имкониятлар керак
Бугун Савдо саноат палатаси тадбиркорлар билан ноформал шаклда учрашув ўтказди. Кучли экспертлар, аудитор, бухгалтерлар ҳам иштирок этишди. Учрашувда имтиёзлар ва истиснолар сўралган саволлар ва илтимослар кўп бўлди. Ҳатто ўзи фақат давлат буюртмаси ва маблағларига ишлаётган ва яна ҳокимият органи таъсисчилигидаги компания ҳам хусусий секторга оид имтиёзлардан фойдалана олмаётганидан шикоят қилди. Шу боис имтиёзлар масаласига алоҳида тўхталмайман. Ҳақиқий тадбиркор имтиёз эмас, соғлом рақобат муҳити ва тенг имкониятларни сўрайди ва талаб қилади.
Кўтарилган масалалар ичида энг эътиборлиси ҚҚС узилиши ва ҚҚС қайтарилишига боғлиқ тобора оғирлашиб бораётган вазиятга оид саволлар бўлди. Ҳаммани қақшатаётган ўша машҳур "ҚҚС узилиши коэффициенти"нинг ҳуқуқий мақоми ва қонуний асоси йўқлиги ва бу "кашфиёт" емаган сомсага пул тўлаттириш ва ҚҚСни қайтармаслик учун зўр дубинкага айланганидан ёзғирилди.
Яна бир муҳим масала импорт товарларни сертификатлаш билан боғлиқ бўлди. Амалда импортга нотариф чеклов ва коррупцион воситага айланиб бўлган сертификатлаш жараёни бизнес учун жуда қимматга тушаётгани мисоллари келтирилди. Ҳар қандай соғлом давлат ўзидан каррасига яхшироқ ривожланган иқтисодиётлардан импорт товарлар учун сертификациядан воз кечади. АҚШ, Европа иттифоқи, Япония, Корея ва умуман OEEC давлатларидан товарлар импорт қилинганида сертификат талаб қилиш ғирт абсурд. Ахир биз учун ўша давлатларнинг солиқ тўловчилари ҳисобига сертификация қилинганку. Нега Ўзбекистон солиқ тўловчилари ҳисобидан яна бу жараён такрорланиши керак? Ё Ўзбекистон сертификацияси энг ривожланган давлатлар сертификациясидан талабчан ва сифатлироқми?
Учрашувдаги муҳокамалар кимга қизиқ бўлса, мана бу ҳавола орқали кўриш мумкин.