Охирги имконият
Ўзбекистон ўзбекистонликларнинг бугуни ва келажаги учун энг асосий чақириққа айланган энергетик муаммоларни ечиш йўлида илк қадамларни ташлаш арафасида турипти. 4-5 йил аввал соф иқтисодий муаммо бўлган масала чуқурлашиб ижтимоий ва ҳатто сиёсий илдизларга ҳам эга бўлишга улгурди.
Шу ўринда ислоҳотларда фальстарт юз бермаслиги учун қатор муҳим ўлчовларга қатъий амал қилиш керак бўлади.
Аввало, рост гапириш керак. Қанчалик қийин бўлмасин, ростлик ва очиқлик кенг оммага қадамлар заруриятини англашда энг катта кўмакчи бўлади. Хусусан, тан олиб айтиш лозимки, энергетика ислоҳоти эртагаеқ свет ва газ муаммосини ҳал этиб бермайди. Лекин тубга қулаш жараёнини тўхтатади. Барқарорликни таъминлайди ва эртанги соғлом ўсишга бошланғич замин ва шароит яратади.
Иккинчидан, ислоҳотларнинг юзи ва ижроси кейинги йиллардаги ёлғон лойиҳалар ва ваъдалар силсиласида репутациясини йўқотганлардан ташкил топмаслиги зарур. Ўзбекистонликлар улардан чарчаган. Энди улар ҳақиқатни айтишган тақдирдаям биров ишонмайди. Ишонч тикланмас бўлиб синган. Шунинг учун энергетикада эски ва ёпиқ схемаларга, самарасиз лойиҳаларга, совға "хусусийлаштириш" кейсларига алоқадор бўлмаган, холис ва бозорга ишонадиган жамоа тарафидан кун тартибига чиқарилиши зарур. Халқимиз сабрли ва заҳматкаш. Тўғри йўлни, тўғрисўзларни доим қўллаб-қувватлайди.
Учинчидан, бу оғир ислоҳотда бизни кутаетган турли синов ва провокацияларни ҳам очиқ айтиш керак. Чунки энди ҳаммаси ўзимизга боғлиқ эмас. Хусусан, жараённинг энг мураккаб қисмидан ўтиб олишимиз учун ҳамиша ҳам ўз сўзида турмайдиган ёки қалтис лаҳзаларда оғир шарт қўядиган ҳамкорлардан энергетика ресурсларини сотиб олишимизга тўғри келади.
Тўртинчидан, халқимизга бу жараён моҳиятига кўра ижтимоий ислоҳот, камбағалпарвар ўзгариш эканини етказиш керак. Яъни, энергетик ислоҳотлар жараёнида ижтимоий қатлам, айниқса камбағалларга ҳеч қандай ортиқча харажат тушмаслигини билиши зарур. Ўтган йилги нон нархлари эркинлаштирилганини ижтимоий қатлам сезгани йўқ, бу сафар ҳам шундай бўлишига амалий ҳаракатлар билан ишонч бериш зарур.
Бешинчидан, фаол жамоатчилик учун энергетика ислоҳотига алоҳида муждалар етказилиши керак. Камсонли, лекин энг кўп овоз чиқадиган қатламга етказилиши керакки, кейинги иқтисодий ўсиш ва айниқса жамиятнинг эркинлашуви энергетикадаги муаммолар ечилмай қолаверса, имконсизга айланиши аниқ. Энергетика эркин бозор қоидаларида ишламас экан, сиёсатда, бизнесда, сўзда эркинлик ҳудуди тораяверади, ҳар қандай ўзгача фикрдан душман ясалаверади, ҳуқуқлар чекланаверади. Ҳа, дарвоқе, эркинликларимиз энергетика муаммоси чуқурлаша бошлаган 2019 йилдан кейин кенгайишдан тўхтаганини сезаетган чиқарсиз?
@the_bakiroo