Умуммиллий ҳаракатга айланган OpenBudget'да иштиёқ рағбатлантирилиши керак
Кеча Ўзбекистонимизда мингдан ортиқ маҳаллада Ташаббусли бюджетда овоз бериш натижалари эълон қилиниши билан байрам тантаналари бошланиб кетди. Бу мавсумда ғолиб деб топилган умумий қиймати 1,4 трлн.сўмдан ортиқ 1187 лойиҳа молиялаштиририлади. Бу йўллар, бу сув, бу трансформатор, бу симёғоч, бу мактаб зали, туалети, бу шифохона жиҳози дегани. Қувонмаслик мумкин эмас. Кичик ватанларимизда олдингидек умумий бефарқлик ё кимдир келиб қилиб беришини кутиш эмас, муаммоларимиз ўзимизники, ечиминиям ўзимиз топамиз деган қарашлар мустаҳкам ўрнашмоқда. Халқнинг иштиёқи ва Давлат раҳбарининг хайрихоҳлиги билан Ватандошлик дастури яратилди деса бўлади.
Шу кунгача нечта мавсум ўтган бўлса, нафақат ғолибларнинг, балки 2000 дан ортиқ овоз тўплаган барча лойиҳалар Президент берган қўшимча квоталар билан молиялаштириб келинди. Бу йил ҳам кўп овоз тўплаб ғолиб бўлмай қолганлар шундай қўллов бўлишига умид қилса бўладими? Кеча кун давомида ва бугун тармоқларда энг кўп янграган саволлардан бир шу бўлди. Маҳалласи учун куйинаётган мана бу болачаларнинг сўзларини эътиборсиз қолдириш жуда қийин. Бу болалар ютқазгани йўқ, менимча.
Биринчидан, Давлат раҳбарининг 1500 та овоз олган лойиҳаларни ғолиблар қаторига қўшиш таклифи мавжуд. Бу бўйича нафақат бир марталик, институционал, яъни доимий ва тизимли ишлайдиган ҳужжат яратилиши аниқ. Тез орада эълон қилинса ҳам керак.
Иккинчидан, бу йил бюджет мувозанати билан боғлиқ мураккабликлар шароитида қўшимча квота берилмаса керак, деган хавотирлар йўқ эмас. Мисол учун, 1500дан кўп овоз тўплаган, лекин ғолиб бўлмаган лойиҳалар учун 4 трлн.сўмдан кўпроқ пул керак бўлади. Ҳозирги вазиятда бу жуда катта пул. Солиштириш учун бу ғолиб лойиҳаларга ажратилган пулдан деярли 3 баробарига кўп.
Учинчидан ва асосийси, менинг назаримда ечим бор. 2023 йилда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари Ташаббусли бюджетлаштириш орқали молиялаштирилиши эълон қилинган эди. Жамоатчилик фикри асосида тадбирларни шакллантириш ва улар учун овоз бериш жараёни бу йил май ойида амалга ошиши лозим эди. Лекин пакетларни шакллантириш ва овоз бериш мезонларига кўп эътирозлар бўлгании туфайли молиялаштириш рўй бермади, кейинга қолдирилди. Кўраяпмизки, ҳаммаси яхшиликка бўлган экан. Шу «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари учун ажратилган ва 2023 йил бюджетида кафолатланиб тақсимланган маблағларнинг бир қисми қўшимча квоталарга йўналтирилса, нима бўлади? Менимча, ютқазмаслигимиз аниқ, бюджетгаям қўшимча юклама тушмайди, дефицит ошишига сабаб бўлмайди. 3000дан зиёд маҳаллада пакетга киритиладиган 8та муаммонинг ҳеч бўлмаса биттаси ечиладику. Бу билан Давлат 2023 йилнинг ўзида Ўзбекистондаги камида 70 фоиз маҳаллаларга кириб борган бўлади. Шу эмасми давлат ва халқнинг сўзда эмас, амалдаги бирлашуви?