26K175Telegramda ochish
"Крепостной" фермер ва ҳокимият билан чатишиб кетган қудратли кластер ўртасида бозор келишуви бўлиши мумкинми? Сентябрнинг 17- куни ўтиб 2023 йилда пахта нархи масаласида ниҳоят Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг овози чиқди: "Ўзбекистонда етиштирилган пахта хомашёси нархи эндиликда бозор тамойиллари асосида белгиланади". Ўза орқали Расмий хабар деб тарқатилган матнга кўра, "Пахта хом ашёсининг нархи бозор иқтисодиёти талабларига мувофиқ, ҳар бир ҳудудда ўша ҳудуддаги ернинг ҳолати, пахта етиштиришга йўналтирилган сарф-харажатлар, бозордаги талаб ва таклифдан келиб чиқиб, бевосита олувчи ва сотувчи томонларнинг ўзаро келишуви асосида белгиланади". Хўп, Қишлоқ хўжалиги келтираётган мезон асосида белгиланадиган нархни бозор нархи деб аташ мумкин бўладими? Ёш болани алдагандек, энди шу биз айтган нарса "бозор нархи" деган эртакларга фермерлар ишониши керакми? Йўқ ва яна йўқ. Биринчидан, эътибор беринг, вазирлик талаб ва таклиф омилини учинчи навбатда санамоқда. Ҳар бир ҳудудда ўша ҳудуддаги ернинг ҳолати, пахта етиштиришга йўналтирилган сарф-харажатлар бу таннархни шакллантирувчи омиллар, бозор нархини эмас. Эркин бозорда таннархнинг шиширилиши бозор нархини тепага кўтармайди ёки таннархнинг пасайиши бозор нархини туширмайди. Иккинчидан, пахта етиштирувчи фермерлар туманлардаги кластерларга мажбурий бириктириб қўйилган ҳозирги шароитда олувчи ва сотувчи ўртасида қанақа қилиб тенг келишув бўлиши мумкин? Фермернинг энг катта кредитори Кластер. Боғлаб берилган қудратли, ҳокимият билан чатишиб кетган Кластеридан бошқа субъект билан де-юре муносабатга кириша олмайдиган фермер қайси воситалар билан нархда тортишиши мумкин? Қайси омил ўзаро манфаатли келишувни таъминлайди? Бошқа ҳудуддан кластер келиб юқорироқ нарх таклифи билан фермернинг пахтасини олиб кета оладими? Фермерлар пахтаси билан, Кластерлар таклифи ва шартлари билан ўзаро рақобат қиладиларми? Йўқ ва яна йўқ. Учинчидан, Нью-Йорк товар биржасидаги котировкаларга кўра, декабрь ойи фьючерслари бир фунт пахта толаси учун 86-87 центдан ўтмоқда. Бу бир тонна пахта толаси 1900-1920 доллар атрофида ёки 23-23,4 млн.сўм дегани (дарвоқе, Президент қарорига кўра Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Нью-Йорк биржаси пахта толасининг ўртача ойлик фьючерс котировкалари таҳлилини ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилиб бориши керак эди, лекин бу вазифа балки атайин бажарилгани йўқ). Ўзбекистонда нечта фермер пахта нархларидаги ўзгаришларни билади ва кузатиб боради? Биржалардаги нарх ва тенденцияларни билмаган фермер қайси маълумотга таяниб нарх учун талашади? Бу бирма-бир саноқлар нима учун? Чунки иқтисодий назарияда бозор нархи тушунчаси мавжуд. Қайси мактаб бўлишдан қатъий назар, бозор нархи эркин бозорда ва эркин рақобат шароитида, онгли ва ихтиёрий равишда, томонларнинг бозор тўғрисидаги барча ахборотларга эга бўлган ҳолда, сотиш мажбурияти ва олиш босимисиз шакллананади. Бугунги реалликларда фермер ва кластер ўртасида ҳеч қанақа бозор нархи ҳақида гап бўлиши мумкин эмаслигини пахта терими учун оғзаки равишда белгиланган ва қатъий амал қилинаётган 1500 сўмлик тўлов ҳам кўрсатиб турипти.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin