Кластер зарар кўрса, айб фақат фермердами?
Кейинги кунларда ўтган пахта мавсумида кластерларниинг зиён кўриб чиққани, пахтанинг нархи баланд ўрнатилгани, гўёки фермерларнинг масъулиятсизлиги ҳақида бир томонлама овозлар янграшда бошлади.
Иккита рақам тинимсиз айлантирилаяпти. 6 трлн.сўм қарз ва 1 кило пахта учун 10 025 сўм нарх ўрнатилгани.
Афсуски, бошқа томоннинг, фермерларнинг позициясини эшитганимиз йўқ. Фермерлар уюшмаси доимгидек мум тишлаган, ўзини фермерлар ҳимоячиси дегувчи партия фақат тепадан топшириқ ва тезислар тушса, овоз чиқаради ( партия ҳам, уюшма ҳам бир қўлли қилинган). Охирги пайтларда мулоқот платформасига айланиб бораётган Савдо саноат палатаси ҳам кутиш позициясида турибди, негадир.
Хўп, фермерларни эшитмадик ҳам дейлик (уларни ўзи ким ва қачон эшитган). Оддий иқтисодий мантиққа қайтайлик.
Биринчидан, 6 трлн.сўмлик зарарни ким кўрган, қайси кластерлар (кластерлар молиявий ҳисоботларини очиқламайди). Умумий қозонга солиб гапирмай, конкретлаштирса бўладими? Балки бу, айтайлик 20та энг самарасиз, асосан ҳокимларнинг чўнтагига айланиб қолган кластерларнинг зараридир? Кластерлар қирқимида таҳлиллар борми?
Иккинчидан, кластерлар агар улар ҳокимларнинг чўнтагига айланиб қолмаган бўлса ҳам, ҳаддан ортиқ маъмурий босим остида қолган. Ҳокимнинг ва заҳмокимнинг мошини бўлмаса, кластерникини минади, Тошкентдан меҳмон келса, харажат кластерга, чорвачилик комплекси ташкил қилиш мажбурияти кластерга, ижтимоий юклама кластерга, томчилатиб суғориш мажбурияти кластерга, панель ўрнатиш плани кластерга. Балки кластерларнинг зарари сабабчиси давлатнинг кластерлар устига ўтириб олгани сабабдир? Мундоқ рўй-рост тан олиш керакдир балки?
Учинчидан, қачонки фермер ва кластер муносабатларини тўлиқ бозор рельси устига қурмас эканмиз, ёмон натижаларда ё фермер ё кластер айбдор қилинаверади. Фермер ва кластер ўртасидаги ришта мажбуриятлар ва ҳокимият назорати остидаги маъмурий бириктиришдан эркин танлаш, эркин сотиш, эркин шартнома муносабатларига алмшиниши керак. Тушуниш керакки, энди пахта қанақадир миллий бойлик эмас, соф бозор товари, уни ишлаб чиқарувчи нархи кўтарса сотади, харидор нархи кўтарса сотиб олади. Демакки, давлат пахтага нарх белгилашдан кетиши керак, фермер сотиш мажбуриятидан, кластер сотиб олиш мажбуриятидан озод қилиниши зарур.