17K62Telegramda ochish
Биз истеъмолчилар ютқаздик ва бунга аниқлик киритиб кетишга тўғри келади (2) Марказий банк баёнотига келсак, айблов учун янграган қатор тезисларга бироз аниқлик киритиб кетишни сўрашга тўғри келади. Биринчидан, айбловнинг негизини ташкил этувчи Ички назорат қоидаларининг 31¹-банди талаблари Тижорат банклари учун ишлаб чиқилган қоидаларда ҳам мавжуд. Регулятор қайси асосларга кўра, Тижорат банклари тўлов ташкилотларидан кўра камроқ риск профилига эга деб ҳисобламоқда? Шу тўғрида батафсилроқ ҳисоб-китоблар ва таҳлиллар мавжудми? Охирги йилларда тўлов ташкилотларининг йўқотишлари ва тижорат банкларининг йўқотишлари ҳажми шундай хулосага келишга имкон берадими? Иккинчидан, “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунга ҳавола берилган экан, 12- модда 3- ва 4- хатбошини тўлиқ келтириш ўринли: "Резидент юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ҳисобварақлар очишга ҳамда улардан фойдаланишга, башарти Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг Ўзбекистон Республикаси валютасида ёки чет эл валютасида ҳисобварақлар очиш ва улардан фойдаланиш мақсадлари назарда тутилган қарорлари ёхуд Ўзбекистон Республикасининг шундай халқаро шартномалари мавжуд бўлса, йўл қўйилади. Резидент юридик шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ҳисобварақлар очганидан кейин рўйхатдан ўтган жойдаги солиқ органларини ҳамда Марказий банкни ҳисобварақлар очилганлиги (ёпилганлиги) тўғрисида ва ҳисобварақларнинг реквизитлари ўзгарганлиги ҳақида, шунингдек ушбу ҳисобварақлардаги қолдиқлар ва айланмалар тўғрисида Марказий банк томонидан белгиланган тартибда ҳар чоракда, ҳисобот чораги тугаганидан кейин бир ойдан кечиктирмасдан хабардор қилиши шарт". Очиқ ойдин айтиш керак, тўлов ташкилоти бу ўринда хорижда ҳисобварақ очиш тартибини бузганми ё ҳисобварақ юритиш ва ҳисоб бериш тартибини? Марказий банк бу назоратни барча субъектларга нисбатан кучайтирдими? Шу тартибдаги назорат Ўзбекистонни талаётган ичкари ва ташқаридан келган олигархияга ҳам ишлатиладими ё бу "выборочное правоприменение"ми? Учинчидан, "тўлов ташкилотлари Марказий банк лицензияси асосида республика ҳудудида тўлов хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга" иқтибоси гўёки тўлов ташкилотлари фақат Ўзбекистон ҳудудидагина фаолият кўрсатади деган маъно улашади. Оригиналида "Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўлов хизматларини Марказий банкнинг тегишли лицензиясисиз кўрсатиш тақиқланади" деб ёзилган, яъни тўлов ташкилотларига Ўзбекистон ҳудудидан ташқаридаги операцияларни амалга оширишга ҳеч қандай тақиқ йўқ. Де-юре. Тўртинчидан, Марказий банк баёноти ва ҳаракатларидан Ўзбекистон резиденти бўлган тўлов ташкилотлари глобал бозорда бўлмасликлари ва фақат мамлакат ҳудуди билан чекланишлари лозим деган хулоса англашилаётгани ўз йўлига. Кейинги савол шуки, худди шундай сиёсат глобал ва минтақавий бозорлардан шу сегментни эгаллаш учун Ўзбекистонга кириб келиши мумкин бўлган бошқа субъектларга ҳам бирдек ишлатиладими?

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin