Орқага қайтиш: пахта терими учун килосига 1500 сўмдан тўланмоқдами? Пахта ҳосили учун-чи?
Сентябрнинг 15 куни ортда қолмоқда. Ўнлаб, юзлаб фермерлар шартномасида кўрсатилган ҳажмдан ортиқ пахтани териб олиб бўлишди. Лекин на пахта терими учун, на пахта ҳосили учун мўлжал нархлар эълон қилингани йўқ.
Ўтган 2022 йилда 5 августдаёқ пахта хом ашёсининг минимал нархлари белгиланганди (тоннасига камида 10 миллион 250 минг сўм). 5 сентябрда қўлда терилган пахтанинг ҳар бир килограмми учун биринчи теримда 1500 сўмдан, иккинчи теримда 1800 сўмдан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланиши эълон қилинганди. Бу фермерларга, теримчиларга жуда катта рағбат берган. Маъмурий аралашув ва босимларсиз жуда қисқа вақт ичида пахта йиғиб териб олинган (янги даврдаги рекорд ҳажмда). Зўравон ҳокимларгаям, сохта пропагандагаям, турли мажбурий йиғим ва босимларгаям ўрин қолмаган.
Жойлардан келаётган хабарларга қараганда, бу мавсумда бир кило қўлда терилган пахта учун 1500 сўмдан хақ тўланмоқда. Яъни пахта терими учун ҳақ ўтган йил даражасида қолган (инфляцияга корректировка қилинмаган ҳаттоки). Табиийки, пахта теримига аввалги иштиеқ йўқ. Ўзидан маҳаллий сталинча ясаган ҳокимлар далама дала юрипти. Мажбурий йиғ-йиғ, теримга "ихтиерий ёрдам"га чақириқ кўпайган. Пропаганда отарчилар ва эскирган чоллар тилидан пахтани яна "миллий бойлик" деб аташга ўтган. Буларнинг ҳаммаси жуда ёмон сигнал. Ортга қараб ташланаётган қадам.
2023 йил учун пахта хом ашёсининг минимал нархлари тоннасига 7 миллион сўм атрофида ўрнатилиши тўғрисида миш-мишлар юрипти. Чунки ҳукумат жим, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги эса ўзи янги нархларни эълон қилмайди, қаердадир, масалан, терим учун ҳақ борасида миш-миш ўрласа, ҳаммаси фейк деб овоза қилади.
Шундай қилиб, 2023 йил 15 сентябрь ҳолатига на пахта терими учун, на пахта ҳосили учун нархлар расман очиқланди. Ёки бўлди, буёғи эркин бозор, теримга ҳақ белгилаш ҳам эркин, фермерлар етиштирилган пахтаниям мажбурий боғланган кластергамас, эркин нархда, истаган жойга сотади, дейиш ҳам йўқ. Қисқаси, ташдан илимилиқ, ичкаридан зўравонлик сиёсати давом этадиган кўринади.
Хуллас, фермерлар бу йил чуқур депрессияда, улар қўрқиб туришиптики, бойсевар ҳукумат пахтага нарх белгилашда кластерлар томон бўлади. Ҳаммаси шунга қараб кетаверса, фермерликка синф ўлароқ барҳам берилади. Фермерларнинг молиявий аҳволини мақсадли равишда оғирлаштириш орқали ер майдонларини кластерлар назоратига ўтказиш бошланади. Уларнинг қиёфасида йирик ер эгалари пайдо бўлади.
- https://t.me/uzagroministry/13241@uzagroministry
- https://t.me/the_bakiroo/2720@the_bakiroo