28K135Telegramda ochish
Ўзбекистонга келаётган тиббий гуманитар ёрдам кимларга ва қандай берилаётганини кимдир биладими? Тармоқларда буйрак, жигар етишмовчилиги, онкологик касалликлар билан оғриётган беморлар, айниқса болаларнинг дардлари ўзбекистонликларни кўп оғринтиради ва шукрки, ватандошларимиз дардмандларга нисбатан бефарқ эмаслар. Беморларнинг касали, оғриғи, даволамайдиган ўзбек медицинаси ўзи бир дунё муаммо, лекин дори-дармонларни қидириб топиш, пул топиб сотиб олиш ундан-да катта муаммо. Бирон бир кун йўқки, ё қариндошингиз, ё дўстларингиз, ё тармоқдаги танишингиз қайсидир дори ё дармонни қидираётган бўлади. Ўша дори ё анқонинг уруғи бўлади, ё дунёнинг пули туради. Яқинда эълон қилинган маълумотлардан кўринадики, Ўзбекистонга ўтган ярим йилда 123,3 млн.долларлик гуманитар ёрдам келган, шунинг энг кўп қисми 94,2 млн.доллари соғлиқни сақлашга оид, яъни асосан дори-дармонлар. Бу ҳазилакам сумма эмас. 2023 йилнинг ярим йилида Ўзбекистон жами 703,6 млн.долларлик тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотларини импорт қилган. Демак, нисбат олинса, Ўзбекистонга кириб келаётган ҳар 7 долларлик импорт дори ёнида камида яна 1 долларлик гуманитар ёрдам тарзида келаётган дори-дармон бор. Охирги 7 йилда Ўзбекистонга келган тиббий гуманитар ёрдам 1 млрд.доллардан ошиб кетган. Бошқаларни билмадим, лекин шу охирги 7 йилда мен билган, таниган, кўрган, эшитган биронта бемор гуманитар ёрдам орқали келган дори-дармондан фойдаланганига гувоҳ бўлмадим, эшитганим йўқ ("сотиш учун эмас" деб муҳр босилган қиммат дориларга кўзингиз тушганми?). Қурби етгани ўзи, кимдир дўстлардан ёрдам сўраган, кимдир қариндошлардан, тармоқдан пул йиққан, Табиийки, савол туғилади, шунча гуманитар ёрдам қаерга кетаяпти, қандай тақсимланаяпти? Ҳисоби, ҳисоботи, назорати борми? Рақамлашишга миллардлаб пул сарфланаётган медицинамизда гуманитар ёрдамнинг ҳудудлар, шифохоналар, беморлар, дори-дармонлар қирқимидаги маълумотлар базаси борми? Беморлар қайсидир базага кириб ўзлари излаётган дори-дармонни Ўзбекистонга юборилган гуманитар ёрдам рўйхатида бор ё йўқлигини билишга нега ҳақли эмас? Балки шаффофликка, очиқликка ўтиш вақти келгандир?

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin