Бюджетнинг 11 фоиздан ортиғи субсидияларга кетмоқда
Ўзбекистонда давлат бюджети том маънода субсидия бюджетига айланган.
Биринчи марта рисоладагидек эълон қилинган Бюджетномага кўра, 2023 йилда субсидиялар учун 31,1 трлн.сўм сарфланади. Бу Давлат бюджетининг 11 фоизидан кўпроқ дегани.
Қонун билан тасдиқланган давлат бюджети харажатлари амалда 24,4 трлн.сўмга ошиб кетиши кутилмоқда. Бунда, табиий газ нархларидаги тафовут учун субсидияларнинг ўзи 14,2 трлн.сўмдан 18,8 трлн.сўмгача ошиши белгиланган.
Жами субсидиялар эса 31,1 трлн.сўмни ташкил этади. Шундан:
газ учун 18,8 трлн.сўм;
жамоат транспортига 0,7 трлн.сўм;
иссиқликка 1,8 трлн.сўм;
уй жой сотиб олишга 1,2 трлн.сўм;
боғчаларга 2,8 трлн.сўм.
Келаси йилга субсидиялар таркиби ўзгаради, суммада бир оз қисқаради, лекин жиддий эмас.
Субсидиялаш иделогияси нафақат иқтисодий рағбатни ўлдирмоқда, балки энг аввало бюджетнинг ижтимоий мазмунини йўққа чиқармоқда. Шунчаки солиштириш учун: субсидиялашга йўналтирилаётган бюджет маблағлари нафақалар, моддий ёрдам, компенсациялар, фан, спорт ва маданият учун биргаликда жами сарфланаётганидан кўпроқни ташкил этади.
Принциплар ва мақсадлар тубдан ўзгармаса, энди самарасиз субсидиялашни давом эттириш учун таълим ва медицинадан қисишга ўтилади. Ундан уёғига қизил чизиқлар қолмайди.