Хусусий сектордаги аёлларга "декрет пули"ни бюджет ҳисобидан тўлаш харажатлари уч баробар қисқаради
2022 йил 1 сентябрдан бошлаб хусусий секторда ишлайдиган аёллар учун минимал истеъмол харажатларининг 4 баробари миқдорида ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари (2 272 000 сўм) тўлаб келинаётган эди.
"Декрет" пули хусусий секторда ишлайдиган юзминглаб аёллар учун ҳар доим дискриминация воситаси бўлиб келган. Хотин-қизларни ишга олиш ё олмаслик ёки иш жойини сақлаб қолишда "декрет пули" энг оғриқли ва нозик нуқта бўлиб хизмат қилган.
2024 йил бюджети лойиҳасида хусусий секторда ишловчи аёлларнинг ҳомиладорлик нафақа пулини бюджет маблағлари ҳисобидан тўлаш билан боғлиқ харажатлар учун 100,0 млрд.сўм кўзда тутилган холос. Бу 2023 йилдагидан 3 баробар кам.
Солиштириш учун, бюджет ташкилотлари ходимларига ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлаш билан боғлиқ харажатлар 665 млрд.сўмдан 1 трлн.сўмгача кўпаяди.
Табиийки, бу қадам жудаям тушунарсиз. Хусусий секторда ишловчи аёллар туғишни камайтиради деган прогнозлар борми? Ё бюджет ҳисобидан "декрет" пулини бериш тўхтиладими? Балки тўловни бюджетдан бериб, кейин иш берувчидан ундириб олиш режалари бордир? Нега бу ҳақда тушунтириш ва изоҳлар йўқ?
Қизиқ, советдан қолган женсоветларда гендер ва тенглик, деб қичқирувчилар шундай вақтда доим жим туришади. Тенглик моддиятдан бошланадику, ахир. Сенат раисимиз нима дейди? Хусусий сектордаги ҳомиладорлар учун овоз чиқарадиганлар Ўзбекистонда борми?
Энг қизиғи, Президент фармони ҳали амалда, ўз кучини йўқотгани йўқ.