Мен ўзбек банк тизимини жудаям омадсиз ва шўрпешона деб ҳисоблайман. Нега? Қайси маънода?
90- йиллар охири. Мамлакат бир неча йиллик қоронғу туннелдан чиқиш ва янгиланишга эҳтиёж сеза бошлади ва бунинг воситаларидан бири ўлароқ банк тизимида давлат улушини камайтириш ва хусусийлаштириш режалари очиқланди. Энг йирик банклар - Миллий банк ва Асакабанкни хусусийлаштиришга лойиҳавий ишлар бошланган айни қизғин дамларда 11 сентябрь воқеалари рўй берди. Геосиёсий фаолликлар марказида қолган Ўзбекистонда кўп ишлар, шу жумладан банкларни хусусийлаштириш масаласи ҳам кейинга қолди. Давлат банк тизимидан кетиш ўрнига унда янаям мустаҳкамланди.
2006-2007 йиллар. Мамлакат ўзини анча тиклаб олган. 2003 йилда рўй берган конвертация эффекти иқтисодиётни баравж ўстириши банкларни хусусийлаштириш масаласини такроран кун тартибига олиб чиқди. Яна янги қарорлар қабул қилинди. Бу йўлда ҳаракатлар фаоллашди. Лекин 2008 йил сентябрда рўй берган молиявий кризис ҳамма ишни чиппакка чиқарди. Кризисга қарши чоралар сифатида давлат банклар капиталига жуда катта маблағлар киритди, бу сафар давлат киргандаям гўёки ҳеч қачон қайтиб чиқиб кетмас даражада банк тизимини назорат остига олди.
2016-2019 йиллар. Янги эпоха. Эпоханинг бошланишида давлатнинг иқтисодиётга аралашуви ҳаддан зиёдлиги ва бунинг зиёнлари тан олинди. Давлат банк тизимидан кетиши лозимлиги энг юқори минбарлардан айтилди. Дастурлар пайдо бўлди. Лекин ана энди амалий ҳаракатлар бошланади дейилган вақтда янги кризис - коронавирус билан боғлиқ фавқулодда ноаниқликлар бизни кутиб олди. Ҳали формаллашмаган ҳаракатлардан кўринаяптики, кризисга қарши курашда давлат банкларни фронт бошида кўраяпти. Демак кризисга қарши курашнинг асосий каналлари яна банклар орқали воситаланади, бу ишлар банклар капиталига давлат томонидан маблағ киритиш ва албатта тизимнинг барча имкониятларини давлат назорати остида сафарбар қилиш билан амалга оширилади.
Кўраяпсизки, унча узоқ бўлмаган 20 йиллик тарихнинг ўзида учинчи марта ўзбек банк тизими давлат тасарруфи ва назоратидан чиқиш имкониятларини бой бермоқда.
Албатта энг асосий вазифа - хусусийлаштириш ва давлатнинг тизимдан кетиши рўй бермагани билан трансформация, рақамлашиш ва модернизация каби клиник муолажалар давом этаверади.
@the_bakiroo