28K210Telegramda ochish
Бир йўла тўловларга 2,5 триллион, Давлат банкларига бир триллион, Ўзавтога 200 миллиард Расмий пропаганда бизга бюджет тақчиллигининг асосий сабаби фақат энергетика учун субсидиялар дея таъкидлашни хуш кўради. Аслида ўзи қанақа? Ростанам 2023 йил бюджетининг илма-тешик бўлиб кетганига фақат субсидиялар сабабми? Буни билиш учун 2023 йил бюджетига ўзгартириш киритиш учун таклиф этилаётган қўшимчаларга назар ташлаш кифоя (эълон қилинмаган). Аллақачон ишлатилиб бўлинган харажатларга кўра, жалб қилинадиган давлат қарзининг лимити 4,5 млрд.доллардан 5,5 млрд.долларгача оширилади, бюджет тақчиллиги эса ЯИМнинг 3%идан 5,5%игача кўтарилади. Бу 2023 йил бюджет дефицити тасдиқланганидан камида 30 триллион сўмга кўпайиб, жами 55 триллион сўмдан ошганини кўрсатади. Хўп, шунча харажатни нимага ишлатишган ўзи, деган савол туғилиши табиий. Харажатларнинг ошиб кетиши 50дан ортиқ тақсимловчининг 200га яқин харажат моддаларига тааллуқли. Яъни эринмаганки ўзбек чиновниги йил бошида белгиланган харажат сметасини бузиб ортиқча харажат қилган. Ёпиқ харажатлар ҳажми янада ортган. Ёпиқ ҳужжатлар асосида камида 3,5 трлн.сўмлик ортиқча харажатлар молиялаштирилган. Айрим харажатлар бўйича депутат ва сенаторлар сукут сақлаб турса ҳам, жамоатчилик савол бериши керак: Хусусийлаштириш жамғармасидан бир йўла тўловлар 160 млрд.сўмдан 2,5 триллион сўмгача ошиб кетган. Бу пуллар нимага ишлатилгани ёпиқ. Автотранспорт воситаларини экспорт қилишда йўл харажатларини қисман қоплаш учун қўшимча 200,0 млрд.сўм қоплаб берилган. Бу ҳам ёпиқ. Давлат банкларининг устав капиталини оширишга 1 триллион сўм йўналтирилган. Пенсионерга пул йўқ, талабага пул йўқ, лекин зараркунанда давлат банкларига бюджетдан пул топилган. Даровоқе, Таълим кредитини молиялаштириш учун харажатлар 100 млрд.сўмга қисқартирилган. Ташқи қарзнинг фоизини тўлаш харажатлари 1,4 триллион сўмга кўпайган... Шунингдек, "Маъмурий ислоҳотлар" дейилган, аслида турли минораларнинг курашига айланган жараён харажатларни камайтириш ўрнига оширган кўринади. Бунинг учун ўзи алоҳида ҳисоб китоблар керак. Бир йил ўтиб, Ўзбекистон халқи "Маъмурий ислоҳотлар бизга нима берди, биз нима олдик, нима йўқотдик" деган саволни қарор қабул қилувчиларга бериши ва жавоб олиши керак. Мен умид қиламанки, 2023 йил бюджетига ўзгартириш ва қўшимчалар (амалда аллақачон амалга ошириб бўлинган харажатлар) лойиҳаси жамоатчилик учун тўлиқ очилади. Яширилмайди. Халқ ҳукумат ўтган 1 йилда нима каромат кўрсатгани учун бюджет харажатлари ошиб кетганини билишга ҳақли.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin