Давлат бюджети дефицити 29 трлн.сўмдан ёки ЯИМнинг 6,1%идан ошиб кетган
Бош вазир ўринбосари, Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги маърузасидан келиб чиқилса, 2023 йил биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, давлат бюджетининг дефицити 29 трлн.сўмга етган. Лекин ҳукумат вакили дефицит деган сўзни маърузада ишлатмаган.
Демак, ўтган 6 ойда давлат бюджети даромадлари 100 трлн.сўмни, давлат бюджети харажатлари 129 трлн.сўмни ташкил этган (бошқа батафсил маълумот келтирилмаган). Ўтган йилнинг тегишли даври билан солиштирилса, даромадлар камтаргина 8,1%га, харажатлар эса жуда тез 25,2%га ўсган.
Ялпи ички маҳсулот 2023 йил ярим йиллиги бўйича 469,9 трлн.сўмни ташкил этгани ҳисобга олинса, давлат бюджети дефицити деярли 6,2%га етгани маълум бўлади.
2023 йил бюджетига оид қонунга кўра, консолидациялашган бюджети чекланган миқдори ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоизи миқдорида белгиланган. Маърузада консолидциялашган бюджет маълумотлари очиқланмаган. Мундарижасига кўра, консолидациялашган бюджет дефицити давлат бюджети дефицитидан ҳам анча юқори бўлган бўлиши эҳтимоли юқори.
Эслатиб ўтамиз, бутун 2023 йил бўйича Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари дефицити 24,7 трлн.сўм, Консолидациялашган бюджет дефицити 32,5 трлн.сўм прогноз қилинган.
Кескин ошган дефицитнинг қоплаш манбалари ҳақида сўз очилмаган.
Бюджет кодекси қоидаларига кўра, 2023 йил бюджетига оид қонунга аллақачон ўзгартиришлар киритилиши керак эди. 2022 йил бюджетига йил тугашига бир кун қолганида 2022 йил 30 декабрда ўзгартиришлар киритилган.
Охирги йилларда Ўзбекистонда бюджет интизоми бутунлай издан чиқиб бўлган, амалга оширилган харажатлар харажатлар ишлатиб бўлингач, яъни постфактум маъқулланиши нормага айланган.
Навбатчи депутатлар бюджет ижроси ва мундарижаси бўйича моҳиятан биронта савол ё эътироз билдиришмаган.