Теп-текис Тошкентда канат йўли қуришмоқчи
Ўзбек амалдорлари тўлови солиқ тўловчилар гарданига тушадиган, бюджет ва давлат ресурсларини ўзлаштириш учун қанақа лойиҳаларни ўйлаб топишмайди. Лойиҳа ясаб пул ўзлаштиришда уларнинг фантазиялари умуман чекланмаган.
Тошкентда тобора оғирлашиб бораётган инфратузилма, транспорт, логистика муаммоларининг ечимлари учун қатор рационал таклифлар бир четда қолиб, канат йўлини қуриш бўйича лойиҳа ҳам шу жумладан (пробкани кейинги чорраҳага суриш орқали триллионлар ўзлаштирилиб қуриладиган 12та кўприкка қўшимча бонус бўлса керак).
Хуллас, теп-текис Тошкентда Янги Тошкентдан Эски Тошкентга қараб ер усти канат йўли қуришмоқчи. Лойиҳа қанчага тушиши ва Хитой билан тузилган 50 миллиард доллардан зиёдроқ битимлар орасида борми ё йўқми, номаълум. Лекин асосийси, шаҳар ҳокими Хитойдан шундай ажойиб лойиҳа топиб қайтаяпти. Ҳокимиятнинг автоном чўнтаги “Toshkent invest kompaniyasi” АЖ ва "Beijing North Bartholet Ropeway Technology Co., Ltd" ўртасида битим тузилган.
Эндиги вазифа канат йўли қуриб маблағ ўзлаштиришни бошлаб олиш. Қайта қайта ваъда қилинган трамвай кутиб туради. Қурувчи ва автомобилчи террористлар эгаллаб олган тротуарлар кутиб туради. 3 сменалик мактаблар кутиб туради. Навбат босган поликлиникалар кутиб туради. Издан чиққан иситиш тизими кутиб туради. 5-қаватдан тепага кўтарилмай қўйган сув таъминоти кутиб туради.