Кечаги куннинг энг аъло хабари келтирган ташвишлар ҳақида
Тошкентга трамвайларнинг қайтарилиши тўғрисидаги хабар нафақат доимий навбатчи қарсакбозларни, балки энг ашаддий танқидчиларни ҳам қувонтириб юборди. Воқелик бутун дунё бўйлаб акс-садо берди. Ҳукумат вақти-соати билан халқнинг хоҳишларга ҳам қулоқ туриб туришлиги шу ўринда айниқса билинди.
Лекин катта тажриба ва узун хотирага эга бўлган скептикларда барибир қатор саволлар пайдо бўлди.
Трамвай йўлларини қуриш ва трамвайларни сотиб олиш лойиҳаси ҳеч бўлмаса очиқ халқаро тендер шартлари орқали маъқулланадими? Ёки яна тендерсиз ва конкурссиз ҳаракатларга гувоҳ бўламизми?
Трамвайни қайтариш лойиҳасини тайёрлаш трамвайни ўлдириш орқали миллиардлаб пул ишлаган, ҳалиям транспорт тизимида қолаётган шишиб бўзарган ўлаксахўрларга топширилмайдими?
Охирги 5 йилдаги репутацияси ҳаммага маълум Раматов ва Артикходжаев кабиларни, уларнинг тузилмаларини трамвайни тиклашдек эзгу ишлардан четроқ ушлаш мумкинми?
Трамвайни қайтариш "қўл тегди, чиқди шимилдириқ" қабилида бўлмайдими? Қанақадир узоқ Сергели ё Қўйликда 3 км трамвай йўли қуриш билан иш битдига чиқмайдими?
Тошкентнинг асл трамвай кўчалари Лутфий, Муқумий, Шота Руставели, Усмон Носир, Навоий, Мирзо Улуғбек каби кўчаларга трамвай қайтадими?
Трамвайнинг қайтиши метро қурилиши орқали миллиардларни ўғирламоқчи бўлаётган муттаҳамларга қўл келиб қолмайдими? Масалан, ТТЗ йўналишида ҳам метро, ҳам трамвай қурилиши мегапроектлари кун тартибига чиқмайдими?
Хуллас, ёқимли хабар кўплаб саволли масалаларни кўндаланг қилмоқда.
@the_bakiroo