Сўмдаги ставкалар пасайиб, валютадаги ставкалар ошмоқда
Февраль ойи якунларига кўра сўмдаги кредитларнинг ўртача тортилган ставкаси 23,7%гача арзонлашган (-0,4%). Бунда чакана кредитларнинг нархи 24,4%гача пасайган бўлса (-0,7%), корпоратив кредитларнинг ставкаси 22,9% даражасида ўзгаришсиз қолган. Чакана кредитларнинг арзонлашгани айрим банкларнинг бир марталик акциялари билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Сўмдаги кредитларга синхронликда сўмдаги депозитлар ўртача тортилган ставкалари ҳам бироз тушган ва 19,7%ни ташкил этган (-0,1%). Бундан чакана депозитлар нархи 21,3% даражасида ўзгаришсиз қолган бўлса, корпоратив депозитлар 17,9%гача арзонлашган (-0,6%).
Сўмдаги ставкалр пасайишни бошлагани фонида, валютадаги кредитларнинг ўртача тортилган ставкаси 9,8%га етган. Бу очиқ маълумотлар мавжуд даврдаги максимум. Бизнес учун яна валютадаги кредитларнинг афзаллиги иллюзияси пайдо бўлаётганга ўхшайди. Вақтинча узилишларни ёпиб туриш учун қисқа муддатли валюта кредитларига мурожаат қилишни тушунса бўлади, лекин узоқ муддатли валюта кредитлари бўйича, айниқса ҳозирги юқори ставкалар ва ноаниқликларда йўқотишлар эҳтимолини баҳолаб бўлмайди.
Сўмдаги ликвидликнинг ва таклифнинг етишмовчилиги банкларни валютадаги депозитлар ставкаларини кўтаришга ундамоқда. Ой давомида валютадаги депозитлар ставкаларининг яна кўтарилишнинг бошлагани (4,9%, +0,2%) мазкур тенденцияни характерлайди.