Бойлардан бошқа барчанинг инфляцион кутилмалари кескин ёмонлашган
Апрель ойи сўровларига кўра, аҳолининг инфляцион кутилмалари 12,8%дан 14,0%гача кўтарилган. Бизнеснинг кутилмалари эса 12,2%дан 13,3%га етган.
Аҳолининг инфляция бўйича энг катта қўрқуви коммунал хизматларнинг қимматлашишига боғланган ва бу омил биринчи марта валюта курсининг ўзгариши хавотирларини ортда қолдирган (сўралганларнинг 55%и).
Бизнес эса ҳалиям инфляция туғдирадиган асосий хавотир ўлароқ валюта курсининг ўзгариши деб ҳисобламоқда (60%). Лекин коммунал хизматлар қимматлашиши қўрқувини кўрсатганлар улуши 16 фоиз бандига ошиб, 54%га етган.
Ҳудудлар орасида энг ёмон кутилмалар пойтахтда сақланиб қолмоқда. Тошкентда аҳоли 17,2%лик (+0,3%), бизнес эса 14,8%лик (+0,4%) инфляция кутмоқда. Тошкентда ҳар учта сўралганнинг бири 21% ва ундан юқори инфляция бўлади, деб ҳисобламоқда.
Даромадлар қирқимидаги хавотирлар ҳам соф ижтимоий табақаланиш чизиғидан ўтган. 10-15 млн.сўм ва 15 млн.сўмдан кўп даромад топувчиларнинг инфляцион кутилмалари яхшиланган бўлса, даромадсизлар, кам даромадлилар ва ўртаҳолларнинг кутилмалари кескин ёмонлашган. Айниқса, 2-3 млн.сўм даромадга яшовчиларнинг кутилмалари жуда ёмонлашган ва 11,7%дан 14,2%гача етган.