29K78Telegramda ochish
Ўзбекистон ташқи савдосида рубллашув ортмоқда Стратегик ислоҳотлар агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистон ташқи савдосида рублнинг улуши экспортда сўнгги 5 йилда 0,8 фоиздан 5,3 фоизга, импортда 4,2 фоиздан 7,6 фоизгача етган. Бу масалан, 2023 йилда Ўзбекистон эквиваленти 1,3 млрд.доллар экспорт ва 2,9 млрд.долларлик импортни рублда амалга оширилди, дегани. Солиштириш учун 5 йил аввал, 2019 йилда рублдаги экспорт 143  млн.доллар, импорт эса 1 млрд.доллар атрофида бўлган. Ташқи савдода рублнинг улуши ортиб бораётганлиги экспортчиларда ҳам, импортчиларда ҳам қатор чақириқлар яратади. Биринчидан, рублнинг волатиллиги жуда юқори. Масалан, 2023 йилда долларнинг рублга нисоби 70дан 104гача ўйнади. Бу қатор ҳолатларда экспорт битимининг маъно мазмунини йўққа чиқаради. Кеча тузилган битим, токи ҳисоб-китоблар амалга оширилгунича зарарлига айланиб қолади. Рубль курсига маъмурий қарорлар таъсирининг юқорилигини айтмаса ҳам бўлади. Иккинчидан, рублнинг ликвидлилиги ва кейинги танлови паст. Рубль тушумини ё яна Россиядан импорт учун ёки энг яхши ҳолатда кўнишса, ЕОИИнинг бошқа аъзолари билан савдода ишлатиш мумкин холос. Кўпинча экспортчилар экспорт тушуми учун технология ва ускуналар харид қилишни исташади. Бундай танловни рубль билан амалга ошириш анча мушкул. Учинчидан, рублга харидор топиш ҳам, сотиб олиш ҳам юқори трансакцион харажатларга олиб келади. Валюта биржасида рублда охирги марта савдолар 2024 йил февралда амалга оширилган. Биржадан ташқари савдолар орқали рублга харидор топиш осонроқ ва тезроқ, лекин афзал бўлмаган курсларга рози бўлишга тўғри келади. Банклар, айтайлик доллар олиш ва сотишда ҳатто 0,1%лик спредга рози бўлишса, рубль мисолида энг яхши ҳолатда ҳам спред 5%дан кам бўлмайди. Чунки спред ичида юқори волатиллик яратадиган хатарлар нархи ўтиради. Шундай ҳолатда Россия билан савдода рубль билан эмас,  барқарорлиги юқорироқ бўлган Хитой юанида ҳисоб-китоблар икки томонлама афзалроқ кўринади. Биринчидан, Россиянинг ўзи ҳам ташқи савдода тобора кўпроқ юандан фойдаланмоқда. 2023 йилда Россия экспортида юань улуши 26,3%га етган. Москва биржасидаги валюта савдоларининг ярмидан кўпи юань олди-сотдиси билан боғлиқ. Иккинчидан, юань биз учун афзалроқ экани импортимизнинг 30%и Хитойга тўғри келиши билан ҳам муҳим. Геосиёсий мувозанатдаги эврилишлар, ўзбек иқтисодиётининг технологик қайта қуролланиши давом этиши ва инвестицион мақсадлар бу улушни яқин истиқболда оширса оширадики, қисқартирмайди. Учинчидан, ҳозирги реалликларда юандаги савдо рублдаги ҳисоб-китоблар яратадиган концентрациядан кўра ташқи савдони кўпроқ диверсификациялайди, эҳтимолий санкциялар билан боғлиқ хатарлар ҳам камроқ бўлади. Айнан хатар нуқтаи назаридан олганда Марказий банкнинг тавсиялари, ўз навбатида тижорат банкларининг мижозларига кўрсатмалари ҳам бунда муҳим аҳамиятга эга. Ташқи савдо иштирокчилари учун Регуляторнинг бевосита рағбати, айтайлик, юань интервенциялари ва харидлари орқали валюта биржасида талаб ва таклиф ҳосил қилиш билан амалга оширилиши мумкин.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin