Мактаб етишмовчилигининг илдизи субсидияларга мазахўрак энергетикада
Қимматлаштирилган лойиҳалар орқали ўзлаштиришга ва харажатларни шиширишга асосланган энергетика биринчи навбатда таълим ва тиббиётга сарфланиши керак бўлган ижтимоий харажатларни ямламай ютиб юборади. Бошқача айтганда, мактабларда ўқувчи ўрни етишмаслиги учун ҳам феълан шонли энергетиклардан сўров бўлиши керак. Агар нормал давлатлардаги каби сайловчилар олдидаги масъул нормал парламентимиз бўлганида, Энергетика вазиридан тортиб, схемалар тузиб ётган Ўзбекнефтегаз ва Ўзтрансгазгача, ёпиқ Ўзгазтрейддан тортиб серхаражат Иссиқлик электр станциялари раҳбарларини гиламга чақириб, пўстаги қоқилган, халқнинг олдида ҳисобдор қилинган бўларди.
Энергетиклар ўйлаб топаётган биргина шиширилган лойиҳадан воз кечиш ёки қурилаётганлари қийматини оптималлаштириш Ўзбекистонда мактаблар етишмовчилиги муаммосини узил-кесил ҳал қилган бўларди. Ҳозирда етишмаётган 1,5 млн.ўқувчи ўрни яратиш учун, бир ўқувчи ўрнига 20 млн.сўмдан нисоб олинса, 30 трлн.сўм пул керак. Бу 2,5 млрд.доллар дегани. Сиз нима деб ўйлайсиз, GTL нархи қанчача ширилган, Ёшлик 1 қанчага шиширилмоқда, Хоразмда қуришмоқчи бўлган 10 млрд.долларлик мажмуанинг асл қиймати ўзи қанча?
Майли, энергетикага қўшиб Ўзбекистон иқтисодиётини тубга қадаётган шиширилган лойиҳалар учун барибир бир кун сўров бўлади.
Субсидиялаш-чи. Бу йил оширилган тарифлардан кейин ҳам энергетикларга бюджетдан яна 10 трлн.сўм субсидия берилади. Бу кросс-субсидияларсиз. Шу пулга камида 500 минг ўринли мактаб қурса бўларди. Ўзи ўтган йили сиёсий тадбирлар олдидан эълон қилинган 500 минг ўқувчи ўрни яратиш режаси, агар энергетикадаги ёндашув тубдан ўзгартирилса, реал эди. Лекин лоббистлар бу адолатли режани тушириб қолдиришга барибир муваффақ бўлишди.
Афсуски, яқин келажак ҳам мавҳум. Мактабларга кўзқараш ўзгариши учун энергетиклар келаси йилга мўлжалланган навбатдаги тариф оширилишлардан кейин субсидияхўрликдан воз кечишадими? Бу ҳам ҳали жавоби йўқ савол.
- https://t.me/the_bakiroo/6946@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/6584@the_bakiroo