30K215Telegramda ochish
Давлат қарзининг ўсиши яна тезлашган Ўзбекистон 2022 йилдан кейин Давлат қарзи ҳолати ва динамикаси маълумотларини эълон қилишни тўхтатган (балки аҳвол ва вазият оғирлашаётганини кўрсатмаслик учун). Иқтисодиёт ва молия вазирлиги расмий саҳифасининг давлат қарзига оид қисми бир неча ойлардан буён "маълумотлар янгиламоқда" ҳолатида қолмоқда. Янаям қизиғи, ташқи қарз бўйича 2022 йилгача бўлган тарихий ҳисоботларнинг ўзбек тилидаги версиялари ўчириб юборилган. Шу сабабли, давлат қарзига оид маълумотларни бошқа ҳисоботлар ичидан (масалан, бюджетнома, фуқаролар учун бюджет) узуқ-юлуқ тарзда кўриб бориш мумкин. Шундай қилиб, Ўзбекистон Давлат қарзи миқдордаям улушдаям ошишда давом этмоқда. Фуқаролар учун бюджет ҳисобига киритилган маълумотга кўра, 2023 йил якуни бўйича Давлат қарзи 5,7 млрд.долларга ошиб, қолдиғи 34,9 млрд.долларга етган. Давлат қарзининг ЯИМдаги улуши 38,4%ни ташкил қилган (+2,4%). Эслатиб ўтамиз, бу ҳисобга зараркунанда давлат компаниялари, давлат банклари ва энергетикадаги шиширилган лойиҳалар учун олинган тўғридан тўғри қарзлар кирмайди. Ислоҳотлар эълон қилинган ва фаол қарз олиш энди бошланган 2017 йилда Давлат қарзи қолдиғи 11,5 млрд.доллар эди. Яъни, 2023 йилгача бўлган 6 йилда давлат қарзи қолдиғи 3 баробардан кўпроққа ошган. Давлат қарзига хизмат кўрсатиш ҳам тобора ошиб, оғирлашиб бормоқда. 2023 йилда Давлат ташқи қарзига хизмат кўрсатиш харажатлари 2,82 млрд.долларга етган (солиштириш учун, бу кўрсаткич 2018 йилда 0,5 млрд.доллар эди). Ички қарзга хизмат кўрсатиш харажатлари эълон қилинмаган. Ҳар йили янги давлат қарзларини олиш ҳажми ва давлат қарзларига хизмат кўрсатиш харажатлари миқдори тобора бир бирига яқинлашмоқда. Тенденция ўзгармаса, янги қарз ва қарз қайтариш миқдорлари тез орада тенглашади. Яъни, эски қарзларни олинаётган янги қарзлар оқими ҳисобига қайтариш бошланади (агарда кредиторлар қарз беришни тўхтатиб қўйишмаса). P.S. Вазирлик вакилининг таъкидлашича, Давлат қарзи статистикаси маълумотнома кўринишида тақдим этиб келинмоқда (илгаригидек чораклик шарҳ тарзида эмас). Балки тегишли ҳавола вақтинча ишламагани ёки фаолсизлантириб қўйилган туфайли ушбу маълумотлардан фойдаланиш имкони бўлмаган. Айни дамда мобил версияда маълумотлар очилмоқда.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin