Хоҳиш бўлса, газ билан таъминланмаган истеъмолчиларга нисбатан "ижтимоий норма" бўйича адолатни таъминласа бўлади
Депутат Дониёр Ғаниев бугун парламентда ҳисоб берган ҳукумат раисининг ўринбосари Жамшид Қўчқоровга учта муҳим савол берган (1:34:00 дан бошлаб кўриш мумкин).
Саволлардан бири энергетик тарифлар оширилгач, ижтимоий нормани белгилашда табиий газ билан таъминланмаган фуқароларнинг эҳтиёжи инобатга олинмаганлигига оид бўлди. Ҳам газ, ҳам электр таъминотига уланган истеъмолчилар, айтайлик, қишда арзон нархда 200 квт.соат электр энергияси билан бирга, арзон нархда 500 кубгача газ ҳам ишлата оладилар. Газ учун ижтимоий норма пулга чақилса ва афзаллик баҳоланса, бу анча-мунча қийматга эга бўлади. Лекин шу ижтимоий қийматдан газлашмаган истеъмолчилар маҳрум бўлиб қолганлар.
Ҳурсанд қиладигани шуки, бош вазир ўринбосари томонидан муаммо очиқ тан олинган, шуғулланиб, кейин маслаҳат қилиб, хабар берилиши айтилган. Қўчқоровга кўра, Ўзбекистонда хонадонларнинг учдан бир қисмида табиий газ йўқ, улар кўмир ва ўтинни бозор нархида олади.
Айтиш керакки, ижтимоий норма бўйича бузилган посангини жойига қайтариш, агар бунга чин дилдан хоҳиш бўлса, бугунги рақамлашган замонда унча қийин иш эмас. Агарда Давлат раҳбарининг ягона биллинг ҳисобини жорий қилиш бўйича 7 йилдан бери қайта ва қайта бераётган топшириқлари ўз вақтида бажарилганида эди, бу ҳақида бош қотиришгаям ҳожат бўлмасди.
Лекин куз-қиш мавсумигача ҳали 5 ой бор. Бемалол ягона биллинг тизими ишга туширилса, унинг ҳисобидан келиб чиқиб, газ уланмаган истеъмолчиларга қўшимча ижтимоий норма тақдим этиш вазифасини уддаласа бўлади.
Фақат бу ишга шонли энергетикларни асло аралаштирмаслик керак. Уларнинг қўли теккан ҳар қандай масала бюджетни ўпирворадиган бўлиб каррасига қимматлашади, ёки ўзбекистонликларнинг эмас, шимолдаги оғаларининг фойдасига ишлайдиган бўлиб қолади.
Уларга қолса, камбағалларнинг электрга бўлган эҳтиёжини қоплаш вазифасиям бир куни ёрилиб ўладиган ўғри олигархларни бойитиш мақсадларига бурилиб кетади.
- https://www.youtube.com/live/MbUrtIM1RN8?si=j21ev143rmVnp_-Byoutube.com
- https://t.me/the_bakiroo/7671@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/8187@the_bakiroo