Банклар ҳам тадбиркорлик субъекти, уларнинг ҳам саволлари бор
Бизда, Ўзбекистонда банклар, суғурта компаниялари ва ҳатто микромолиялаш ташкилотларини тадбиркорлик субъекти сифатида кўриш нормага айланмаган. Улар ҳалигача қавсдан ташқарига чиқарилган, бошқа барча бизнес субъектларга хизмат кўрсатувчи бюрократик тизим сифатида қаралади, ҳаттоки мулкчилиги хусусий ёки хорижий капитал назорати остида бўлса ҳам.
Табиийки, ўзбек амалдорлари, айниқса ҳеч ким сайламаган ҳокимлар банк ва молия соҳасидаги субъектлар уларнинг телба-тескари, зараркунанда ва бюрократик топшириқларини бажаришга мажбур, деб ўйлашади.
Шу маънода охирги ҳафталарда Давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан мулоқотидан олдин ўтказилаётган бизнес билан учрашувлардан бири банк, суғурта ва микромолия ташкилотлари иштирокида ўтса, яхши бўларди. Уларнинг ҳам оғриқли саволлари, шикоятлари ва таклифлари борлиги аниқ. Қолаверса, банк, суғурта ва микромолия секторидаги аксар муаммоларнинг ечими бошқа секторлар учун калит ҳам бўлади.